Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкентнинг Тарас Шевченко кўчасида жойлашган Геология музейи биносини аукционга қўйди. Бу ҳақда Spot хабар қилди.

Нашр маълумотларига кўра, музей ҳозирда Геология фанлари университети кампуси қурилаётган Мирзо Улуғбек туманига кўчмоқда. 2020 йилнинг 31 январь куни президент янги ОТМ пойдеворига биринчи тошни қўйган эди.

Музей 2010-йиллар бошидан буён эгаллаб турган бино 1928 йилда қурилган. Ер участкасининг умумий майдони 1140 кв. м, иншоот майдони 714 кв. м, барча иншоотлар билан биргаликдаги умумий майдони эса 2873 кв. м ни ташкил этади. Канализация, электр энергияси, газ ва сув тармоқларига уланган.

Объектнинг бошланғич нархи 27,6 млрд сўм деб белгиланди. Аризалар 7 августгача қабул қилинади, савдолар 9 август куни бўлиб ўтади.