Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 январь куни пойтахтнинг Олимлар кўчасидаги илмий-тадқиқот институтларига ташриф буюрди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бугунги кунда ер қаърини геологик ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимидаги 4 та муассаса — Геология ва геофизика институти, Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти, Минерал ресурслар институти, Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти томонидан олиб борилади.

Давлат раҳбари ташаббуси билан мазкур институтлар негизида яхлит мажмуа — замонавий университет ташкил этилиши режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 31 январь куни ушбу янги университет кампусига тамал тоши қўйди.

Мазкур муассаса таълим ва илм-фан кластери шаклида бўлади. 4 та институтнинг моддий-техник базаси ва илмий кадрлар салоҳияти бирлаштирилиб, энг илғор ускуналар билан жиҳозланади. Санкт-Петербург тоғ-кон университети ва бошқа нуфузли даргоҳлар билан ҳамкорликда таълим дастури йўлга қўйилади.

Давлат раҳбари шу ерда илмий-тадқиқот институтлари ходимлари, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан суҳбатлашди.

«Бир пайтлар Ўзбекистонда геология анча ривожланган, рақобатбардош соҳа эди. Ҳатто бошқалар келиб, юртимиз мутахассисларидан тажриба ўрганиб кетарди. Лекин охирги ўттиз йилда бу соҳа эътибордан четда қолиб кетди. Бор салоҳиятни сақлаб қололмадик. Олимларга йўналиш, рағбат бўлмади. Замонавий кадрлар етишиб чиқмади. Аслида, геологик тадқиқотлар иқтисодиётнинг ҳамма соҳалари учун керак. Ташхиссиз беморни операция қилиб бўлмаганидек, геологиясиз саноатни ривожлантириб бўлмайди. Биз бугун шу соҳа ривожига асос бўладиган илм даргоҳига пойдевор қўймоқдамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари Геология фанлари университети қурилишига оид лойиҳалар билан танишди. Ўқув бинолари ва лабораторияларни чет эл тажрибаси ҳамда касб спецификасидан келиб чиқиб қуриш, майдонлардан самарали фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берди.