«Ўзбекистон темир йўллари» аввалроқ Ўзбекистон транспорт вазири Маъруфжон Хўжаев томонидан тилга олинган Тошкент халқа йўли ер ости метрополитени қурилишида 899 млн сўм талон-торож қилингани аниқлангани тўғрисидаги маълумотларга изоҳ берди.

Компания матбуот хизматининг аниқлик киритишича, бюджет маблағлари талон-торож қилинмаган, балки 899 млн сўм қийматдаги қурилиш материаллари номаълум шахслар томонидан ўғриланган. Хабарда қайд этилишича, «Ўзбекистон темир йўллари» ва мутасаддиларининг ўғирликка алоқаси йўқ.

«ЎТЙ» маълумотларига кўра, 2019 йилда Тошкент метрополитени ер усти ҳалқа йўлининг биринчи босқичи бўлган 11 километрлик «Дўстлик-2» — «Қўйлиқ» участкасида қурилиш ишлари бошланган. Ушбу лойиҳа қурилиши 2020 йилнинг март ойида тўлиқ тугатилиб, фойдаланиш учун топширилишга тайёр эди. Бироқ коронавирус пандемияси тарқалгани сабабли карантин чоралари кучайтирилиши мазкур йўналишнинг очилиши номаълум вақтга қолдирилди. Қурилишда иштирок этган барча ишчи-хизматчилар карантин чоралари юмшатилгунга қадар ўзларини изоляция қилишди.

«2020 йилнинг 3 июль куни „Ўзбекистон темир йўллари“ АЖга қарашли „1-сонли Энергомонтаж поезди“ унитар корхонаси ходимлари Тошкент метрополитенининг ер усти „Дўстлик-2“ — „Қўйлиқ“ участкасини кўрикдан ўтказишганда, моддий товар (кабель маҳсулотлари)нинг ўз жойида йўқлиги аниқланган ва ушбу ҳолат бўйича зудлик билан Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига ариза шаклида мурожаат қилинган», — дея маълум қилди компания.

Дастлабки тергов натижаларига кўра умумий қиймати 899,1 млн сўмлик кабель маҳсулотлари номаълум шахслар томонидан ўғриланган. Олиб борилган тергов ҳаракати натижаларига кўра, айбдор шахслар ҳамда йўқолган моддий товар (180,9 млн сўмлик) топилиб, Жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан жиноятчилар ўрнатилган тартибда жавобгарликка тортилган. Бугунги кунда етказилган 180,9 млн сўмлик зарар айбдорлардан тўлиқ ундирилган.

Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси томонидан тергов ва қидирув ишлари давом этмоқда.