Вазирлар Маҳкамаси томонидан 29 июнь куни «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунни амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳақида"ги қарор қабул қилинди, дея хабар бермоқда Norma.uz.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ маълумотларни тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторинг ва назоратни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом.

Белгиланишича, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар томонидан шубҳали деб топилган операциялар ҳақидаги хабарлар Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига автоматлаштирилган дастурий маҳсулот ёрдамида тақдим этилади, давлат сирларини ташкил этувчи ахборотлар бундан мустасно. Ташкилотлар томонидан махсус ваколатли давлат органига юборилаётган хабарга уни юбориш учун асос бўлган маълумот ва ҳужжатлар илова қилинади.

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар қуйидагилар ҳисобланади:

  • банклар ва бошқа кредит ташкилотлари;
  • қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари;
  • биржа аъзолари;
  • суғурталовчилар ва суғурта воситачилари;
  • лизинг хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар;
  • пул ўтказмалари, тўловлар ва ҳисоб-китобларни амалга оширувчи ташкилотлар;
  • ломбардлар;
  • таваккалчиликка асосланган лотерея ва бошқа ўйинларни ўтказувчи ташкилотлар;
  • қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи шахслар;
  • хизматлар кўрсатувчи ҳамда кўчмас мулк олди-сотдиси билан боғлиқ операцияларда иштирок этувчи шахслар;
  • нотариал идоралар (нотариуслар);
  • адвокатлик тузилмалари (адвокатлар) ва аудиторлик ташкилотлари — мижозлар номидан битимлар тайёрлашда ва амалга оширишда;
  • крипто-активлар айланмаси соҳасида фаолиятни амалга оширувчи шахслар.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент юборилган хабарларни кўриб чиқиш натижалари бўйича мунтазам равишда ташкилотларни ҳамда уларни назорат қилувчи органларни хабардор қилиши керак бўлади.

Белгиланишича, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан мониторинг ва назорат ташкилотнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмасдан амалга оширилади, дейилади ҳужжат.

Мониторинг ташкилотлар тақдим этган ҳисоботлар, статистик ва бошқа маълумотларни ваколатли органлар томонидан таҳлил қилиш ва ўрганиш йўли билан амалга оширилади. Мониторингни амалга оширишда ташкилотларга ташриф буюриш, шунингдек текширув предметига тааллуқли бўлмаган маълумотларни талаб қилиб олиш ман этилади.

Назорат жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари ижроси ҳолатини ташкилотга чиққан ҳолда ўрганиш орқали ўтказилади. Назорат давомида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари доирасига кирмайдиган масалаларни ўрганиш тақиқланади.