Ҳисоб палатаси Олий таълим тизими 2017−2020 йилларда ажратилган маблағлардан самарали фойдаланганлиги юзасидан ўрганиш ўтказмоқда. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар берди.

Палата томонидан 2017−2020 йилларда президент ҳужжатларида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига берилган топшириқлар ижроси таҳлил қилинмоқда. Шундан, ҳисоботларда бугунги кунда ижро қилинганлиги кўрсатилган 3 710 та топшириқларни бажарилганлигини ҳаққонийлиги, Олий таълим тизимида олиб борилган ислоҳотларни натижадорлиги баҳоланади.

Дастлабки ўрганишларда 4 та топшириқни ижроси таъминланмасдан қолаётганлиги маълум бўлди ва ушбу топшириқларни бажарилиши алоҳида назоратга олинганлиги маълум қилинди.

Масофавий назорат натижасида кузатилган шубҳали ҳолатлар жойига чиқиб ўрганилганда, 2 та Олий таълим муассасида 22,5 млрд сўм маблағларни ўзлаштирилганлиги аниқланди.

Жумладан, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида ҳисобланган иш ҳақи ва стипендияларга нисбатан банкдан ортиқча олинган 21 млрд сўм нақд пуллар бухгалтерия ходимлари томонидан қалбаки ведомостларни тузиш орқали ўзлаштирилган.

Худди шундай, Жиззах политехника институтида 1,5 млрд сўм маблағлар пластик карточкага ўтказиш орқали ўзлаштирилган.

Бухгалтерия хизмати масъуллари тушинтириш хатларида юқорида кўрсатилган маблағларни ўзлаштирганликларини кўрсатиб ўтган.

Аниқланган ҳолатлар бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар ўзлаштирилган маблағларни ўз жойига тиклаш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун белгиланган тартибда Бош прокуратурага юборилди.

Палата Олий ва ўрта махсус таълими вазирлигида назорат тадбирини давом эттирмоқда.