Ўзбекистон Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Франциянинг Suez International Тошкент шаҳри учун сув ҳисоблашнинг интеллектуал тизимини жорий қилиш бўйича ҳамкорликдаги тадбирлар тўғрисидаги Меморандумни имзоладилар, дея хабар қилди пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

2020 йилнинг март ойида Suez International компанияси, Тошкент ҳокимлиги, TSST (аввалги СУВСОЗ) ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги «Тошкентда сув таъминоти трансформацияси режаси» лойиҳасини амалга ошириш доирасида биргаликда бошқарув тўғрисидаги келишувни имзолаган эдилар.

Биргаликда бошқарув тўғрисидаги келишув қатор инновацияларни жорий этиш, ноу-хауларни киритиш, назорат кўрсаткич ва тизимлари, таҳлил инструментлари, рақамли трансформация, техник ёрдам ва ходимларни ўқитиш орқали сув таъминоти ва сув чиқарилиши операторининг имкониятларини кенгайтириш ва фаолият самарадорлигини оширишни назарда тутади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 февраль куни бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Suez компанияси катта ижрочи вице-президенти Эрик Гебали билан учрашган эди. Учрашувда Франция ҳукумати Тошкент шаҳрининг сув таъминоти тизимини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш учун 145 млн евро миқдорида маблағ ажратишни маъқуллагани маълум қилинган эди.

2020 йил декабрь ойида Suez компанияси билан ҳамкорликда Тошкент ҳокимлиги етти йиллик «Тошкент шаҳрининг сув таъминотини ўзгартириш режаси»ни амалга оширишни бошлаш ниятида эканлиги маълум бўлди. Лойиҳанинг умумий қиймати 185,4 миллион еврони ташкил этади ва бу маблағ шаҳарнинг сув таъминоти ва канализация тармоқларини модернизация қилиш, шунингдек халқаро стандартларга мувофиқ бошқарув тизимини такомиллаштиришга сарфланади. Май ойида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Франция ҳукуматлараро комиссиясининг саккизинчи йиғилиши пайтида ушбу лойиҳани молиялаштириш тўғрисидаги баённома имзоланди.