20 февраль куни Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков «SUEZ» компаниясининг (Франция) катта ижрочи вице-президенти Эрик Гебали бошчилигидаги делегацияси билан учрашди. Бу хақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашув доирасида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида сув таъминоти тизимларини модернизация қилиш ва ривожлантириш юзасидан лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Франция компанияси раҳбарияти Франция ҳукумати Тошкент шаҳрининг сув таъминоти тизимини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш учун 145 млн евро миқдорида маблағ ажратишни маъқуллаганини маълум қилди. Шунингдек, учрашувда лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ва уларни ҳаётга татбиқ этилишини тезлаштириш бўйича масалалар ҳамда навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинди.

Франция томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидаги умумтаълим мактабларини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси амалга оширишни режалаштирилмоқда. Лойиҳа компаниянинг грант асосида ажратилган маблағлари ҳисобига амалга оширилади.