Ўзбекистон 2021 йилининг дастлабки чорагида «Газпром»дан 1,5 млрд куб газ сотиб олди, дея хабар бермоқда «Интерфакс».

Маълум қилинишича, Ўзбекистон 2018 йилда «Газпром»га 3,8 млрд куб метр газ етказиб берган. 2019 йилда етказиб бериш ҳажмини 4,9 млрд куб метргача оширган ва 2020 йилда уни тўхтатганди. 2021 йилнинг биринчи чорагида ҳам ўзбек гази Россия консернига етказиб берилмаган.

2020 йилда «Газпром» Туркманистон газини Ўзбекистонга етказиб беришни бошлади. Ўтган йилда 0,9 млрд куб метр газ етказиб берилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 1,5 млрд куб метрга етган.

Эътиборли жиҳати шундаки, 2021 йилнинг илк чорагида Ўзбекистон «Газпром» ва Туркманистондан Хитойга (0,54 млрд куб метр) экспорт қилганидан ҳам кўпроқ газ сотиб олган.

Маълумот учун, 2020 йил январь-декабрь ойларида Ўзбекистонга газ импорти 50,4 млн долларни ташкил этган эди, бу 2019 йилга нисбатан 237,1 баравар кўпроқ. Газ экспорти эса қиймати бўйича 4,7 бараварга, яъни 2,2 млрд доллардан 478,1 млн долларга камайган эди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми 2019 йилга нисбатан 10,8 млрд кубометрга ёки 17,8 фоизга, яъни 60,5 млрд дан 49,7 млрд кубометргача камайди.