Ўзбекистонда Қозон федерал университетини (ҚФУ) очиш тўғрисидаги битим имзоланди. Мазкур келишувга 7 июнь куни Қозон шаҳрида эришилди, деб хабар бермоқда университет матбуот хизмати.

Ушбу таълим муассасаси филиалини очиш таклифини Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Азим Ахмедхўжаев билдирган эди.

Ўзбекистон делегациясининг ташрифи доирасида Қозон федерал университети ва Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Олий ва ўрта-махсус ҳамда Cоғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида тўрт томонлама шартнома имзоланган.

Аввалроқ, ҳоким ўринбосари Аҳмедхўжаев минтақанинг жадал ривожланиши туфайли биотиббиёт ва фармацевтика, нефтни қайта ишлаш ва нефт кимёси, IT ва космик технологиялар соҳасида юқори малакали кадрларга эҳтиёж сезилаётганини таъкидлаган эди.

Қозон федерал университети 200 йил олдин ташкил этилган бўлиб, Россиянинг энг қадимги университетларидан бири ҳисобланади. Университетда 300 та бакалавриат, мутахассислик, магистратура ва аспирантура йўналишлари мавжуд. Илмий тадқиқотларда Қозон федерал университети биотиббиёт, геология, физика, кимё, нефт ва газ, нано ва ахборот технологиялари (IT), психология, маданиятшунослик, гуманитар, педагогик ва фанлараро соҳалардаги ишланмаларга устувор аҳамият беради.