Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Навоий вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Навоий вилоятининг иккита ҳудудида ер олди-cотдиси билан боғлиқ жиноятлар аниқланди.

Фуқаро Ш. Э. бошқа бир фуқаронинг ишончига кириб, танишлари орқали Конимех тумани ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 1 гектар ер майдони олиб беришни ваъда қилади. Бунинг эвазига 20 000 доллар сўраб, олдиндан 1 000 долларни олганида ашёвий далиллар билан ушлангани айтилмоқда.

Худди шу каби ҳолат Навбаҳор туманида ҳам кузатилган. Маълум қилинишича, «Ш.С.» фермер хўжалиги раҳбари М.Ш. бошқа бир фуқарога хўжаликка тегишли бўлган 6 гектар ер майдонини 90 млн сўм эвазига танишлари орқали унинг номига ўтказиб беришни ваъда қилган. У шундан 50 млн сўмини олган вақтида тезкор ходимлар томонидан қўлга олинган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Айни дам тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 8 июндаги «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги [ПФ-6243-сон] фармонига асосан (http://lex.uz/pdfs/5450176) асосан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади. Ноқишлоқ ерлар эса мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали берилади.