Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг ўринбосари А.А. 10 июнь куни йўл-патруль хизмати ходимларининг зўравонлиги натижасида вафот этди, дея таъкидламоқда «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов.

Унинг сўзларига кўра, туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 206-моддаси 1-қисми (мансаб ваколатидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳам хабар берди.

Жиноят иши материалларига кўра, 10 июнь кунги тунги соат 00.20 ларда 42 ёшли солиқ ходими А.А. ўзининг давлат рақами 30 B 572 PA бўлган Cobalt русумли автомобилида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги сабабли навбатчилик қилаётган инспекторлар томонидан тўхтатилган.

Унинг таъкидлашича, ЙПХ инспекторлари ўзларининг бошқарувида бўлган Spark русумли (давлат рақами: 30 Х 577 SA) автомобилининг орқа ўриндиғига «солиқ хизматчисининг юз қисмидан босиб, унинг ўзига азоб бермасликларини сўраб бақирганига қарамай унинг қисқа ва тез ўлимига сабаб бўлишган».

Самарқанд вилояти суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, солиқ хизматчисининг ўлимига юрак ўлчами ва массасининг кескин ошини, яъни нафас қайтиши сабаб бўлган. Ўтказилган суд тиббий экспертизаси давомида солиқ инспекцияси раҳбарининг юз ва бўйин қисмлари, тирсак ва бошқа соҳаларида жароҳатдан олинган шилинмалар борлиги аниқланган, дея қўшимча қилади Ташанов.

«Мазкур воқеа ички ишлар идораларининг зўровонлик ҳаракатлари давом этаётгани, тизимда назорат тўла издан чиққанини кўрсатмоқда. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари „Эзгулик“ жамияти Қийноқларга қарши миллий превентив механизмлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Инсон ҳуқуқлари бўйича республика Миллий маркази раҳбариятини мазкур ҳодисани ўрганишга чақиради», — дея якунлайди ўз баёнотини ҳуқуқ ҳимоячиси.

Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ матбуот хизмати расмий муносабат билдирди. Унга кўра, фуқаро А.А. бошқарувидаги Cobalt русумли автотранспорт светофорнинг қизил чироғидан тўхтамасдан ўтиб, ходимларнинг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, автотранспортда юқори тезликда ҳаракатланиб, яширинмоқчи бўлган.

Вазирлик таъкидлашига кўра, ҳудуддаги 4R-243 автомобиль йўлининг 7 километрига етганида Cobalt йўл қатнов қисмининг ўртасида тўхтаб, ҳайдовчи автотранспортни ташлаб, пиёда қочишга уринган.

Фуқаро А.А. ЙПХ ходимлари томонидан ушланиб, ўта маст ҳолатда бўлганлиги гумон қилиниб, тиббий кўрикдан ўтиш учун таклиф қилинганида, фуқаро А.А. ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан фаол қаршилик кўрсата бошлаган. Шу вақт оралиғида тиббий кўрикка олиб бориш учун транспорт воситасига ўтказилган фуқаро А.А.нинг соғлиғи ёмонлашиб, воқеа жойига тез тиббий ёрдам хизмати чақиртирилган. Кўрсатилган муолажаларга қарамай фуқаро А.А. вафот этган, дейилади хабарда.

Ҳодиса содир бўлган жой Ички ишлар вазирлиги ЎХБ Самарқанд вилояти бўйича бўлими иштирокида туман прокуратураси томонидан кўздан кечирилиб, ҳужжатлаштирилган. Ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув якуни бўйича жамоатчиликка тўлиқ ахборот берилади, дея таъкидлайди ИИВ матбуот хизмати.

ИИВ ушбу ҳолат акс этган видеонинг қисқартирилган версиясини ҳам интернетга юклади.