Президент Шавкат Мирзиёев сешанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида озиқ-овқат нархини барқарорлаштириш ҳамда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантириш чора-тадбирларига ҳам тўхталиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.


Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, йил бошидан май ойига қадар инфляция даражаси 4,6 фоизни ташкил этган. Гўшт нархи 3,3 фоизга, суякли мол гўшти — 2,6 фоизга, қўй гўшти — 2,4 фоизга, тоқув гўшти — 3 фоиз атрофида, сут нархи эса — 5,2 фоизга ошган.

«Нархларнинг ошиши, авваламбор, кўп болали, 3 та дафтарга кирган эҳтиёжманд оилаларга салбий таъсир қилади. Лекин, бозордаги нарх-навони барқарор ушлаб туриш, бу — тадбиркорларни мажбурлаш, уларга маҳсулотини паст нархларда соттириш, дегани эмас», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, биринчи галда, тадбиркорларга бозорда таклифни кўпайтириш учун шароит яратиб бериш керак.

Шунингдек, чорвачиликнинг қисқа муддатларда юқори натижа берадиган йўналишларига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Йил якунига қадар парранда гўшти етиштиришни 450 минг тоннага (ўтган йили 247 минг тонна бўлган) етказиш бўйича топшириқ берилди.

Бунда ҳудудлар раҳбарларига товуқ гўштини етиштириш бўйича вазифа юклатилди:

  • Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов — 120 минг тонна;
  • Тошкент вилояти ҳокими Даврон Хидоятов — 100 минг тонна;
  • Фарғона вилояти ҳокими Ҳайрулло Бозоров — 44 минг тонна;
  • Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдурахмонов — 35 минг тонна;
  • Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззақов — 30 минг тонна;
  • Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев — 28 минг тонна;
  • Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев — 18 минг тонна;
  • Жўқорғи Кенгес раиси Мурат Камалов ва Қорақалпоғистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Кахраман Сариев, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов — 17 минг тоннадан;
  • Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов — 12 минг тоннадан;
  • Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов — 11 минг тонна;
  • Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов — 10 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқаришга масъул бўлади.

Энг тез етиштириш имконияти мавжуд маҳсулот, бу парранда гўшти. Парранда 1 кг вазн олиши учун 1,7 кг, қорамолга эса 8 кг озуқа-ем талаб этилади, деди Шавкат Мирзиёев.

Бугунги кунда ушбу соҳада 1100 та корхоналарнинг қуввати 50 фоизга ҳам ишлатилмаяпти. Ваҳоланки, бу борада имкониятлар етарли, дея қайд этди президент.

Биргина мисол, Jamboy Naslli Parranda корхонасида озуқа-ем ишлаб чиқариш, инкубацион цех, парранда кушхонасини ташкил этиб, тухум таннархининг 25 фоиз арзон бўлишига эришган. Шунингдек, корхона кооперация усулида 40 та хонадоннинг ҳар бирига 5 мингтадан жўжа ва озуқа тарқатиб, ветеринария хизматини ҳамда маҳсулотни сотиб олишни йўлга қўйган.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, энди парранда саноатини қўллаб-қувватлаш бўйича янги механизмлар жорий этилади. 1 июлдан берилиши керак бўлган субсидия миқдори тухум учун 3 баравар — ҳар бир сотилган тухумга 150 сўмга (50 сўм эди), парранда гўшти учун эса 2 баравар — ҳар бир кгга 1,5 минг сўмга (800 сўм эди) оширилиб, тўловлар 1 июндан бошланади.

Омухта ем ва паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга айланма маблағни тўлдириш ва паррандачилик лойиҳалари учун кредитларнинг Марказий банк асосий ставкасидан юқори қисми қоплаб берилади.

Бундан ташқари, паррандаларни сўйишга мўлжалланган замонавий комплекс лойиҳалари бўйича харажатларнинг бир қисми компенсация қилинади.

Паррандачилик корхоналари учун фойда, мол-мулк, ер ва сув солиқлари ставкалари 50 фоизга камайтирилади.

«Микрокредитбанк» бошқарув раиси Ориф Бўтаевга паррандачилик лойиҳаларини амалга оширишга масъул бўлади. Бунинг учун давлат томонидан 50 млн доллар ресурс ажратилади. Ишлар натижасига қараб, яна 50 млн доллар берилади.

Икки ойда қуввати камида 20 минг тонналик парранда гўшти ишлаб чиқариш лойиҳаларини бошлаш бўйича топшириқ берилди.

Наманган, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида Венгрия билан парранда наслчилиги ва озуқаси бўйича қўшма лойиҳаларни бошлаш режалаштирилмоқда.

Сурхондарёда бошланган тажриба асосида, аҳоли хонадонларида парранда (товуқ, курка, ўрдак, ғоз) етиштиришга туман сектор раҳбарлари шахсан масъул бўлади.

Бунда, туман ҳокимлари икки ой муддатда ДХШ асосида ҳар бир секторда камида 1 тадан мини-инкубатор, маҳсулотларни сақлаш учун музлаткичлар ташкил этсин.

Президент Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти фаолиятини қайта ташкил этишни топширди. Институтга наслли паррандани олиб келиш, зарур жиҳозлар ва ускуналар билан таъминлаш учун 10 млрд сўм ажратилади.

«Балиқсаноат» уюшмаси раҳбари Омон Мусаев йил якунига қадар 400 минг тонна маҳсулот етиштиришга шахсан масъул бўлиши таъкидланди.