Effect.uz сайти журналистлари Aндижон вилоятида фуқаролар мурожаатларини ўрганиб турган вақтида калтаклангани ҳақида хабар берилди. Журналистларга Андижон шаҳар халқ депутатлари кенгаши котибияти мудири Раҳим Собировичнинг ўғли куч ишлатганлиги айтилмоқда.

«Биз фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиб турган вақтда Aндижон шаҳар халқ депутатлари раиси Раҳим Собирович томонидан таҳқирландик, калтакландик. Ҳокимиятда бизни калтаклашди. Раҳим Собировичнинг ўғли бизни калтаклаб, орқамиздан кузатиб келяпти. Шахсан ўзим AОКAдан, Бош прокуратурадан, ДХХдан, Миллий гвардия ходимларидан бизни ҳимоя қилишни сўраган бўлардик. Ҳозирда бизнинг ҳаётимиз хавф остида», — дейди Effect.uz журналисти Aброр Эшонхонов 7 июнь куни эълон қилинган видео мурожаатда.

Яна бир видеолавҳада журналистдан тасвирга олишни тўхтатиб туриш сўралганлиги акс этган.

Ҳолат юзасидан Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Хаёт Шамсутдинов изоҳ берди.

Маълум қилинишича, Effect.uz ахборот агентлиги журналистларининг Андижонда калтакланганлиги ҳолати Андижон вилояти прокуратураси томонидан ўрганилмоқда. Воқеа иштирокчиларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади, дейилади баёнотда.

Шунингдек, мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳам муносабат билдирди. Журналистлар ижодий уюшмаси мазкур ҳолатни қоралади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мазкур ҳолатни амалга оширган шахслар хатти-ҳаракатларига муносиб ҳуқуқий баҳо берилишига ва тегишли чоралар кўрилишига ишонади ҳамда Бош прокуратурадан ишни ўз назоратига олишини сўрайди.

Шунингдек, Журналистлар ижодий уюшмаси Андижон шаҳар ҳокимлигидан айни вазият юзасидан тезкор муносабат билдиришни ҳамда хизмат текшируви ўтказишни сўради.

«Уюшма бу каби ҳолатлар сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, журналистларнинг эркин фаолият кўрсатиши борасидаги янгича очиқлик сиёсатига зид эканлигини алоҳида қайд этади», — дейилади хабарда.