Исроил парламенти Ицхак Герцогни президент этиб сайлади

Исроил парламенти кўпчилик овози билан Ицхак Герцогнинг мамлакат президентлигига номзодини қўллаб-қувватлади. Герцогга Кнессетдаги (Исроил парламенти) 120 депутатдан 87 нафари овоз берди. Шундай қилиб, 9 июль куни у ушбу лавозимда Реувен Ривлин ўрнини эгаллайди. Ицхак Герцог Исроилнинг ўн биринчи президенти бўлди. Унинг отаси — Хаим Герцог — мамлакатнинг олтинчи президенти бўлган эди. — Times of Israel.

Шунингдек: Исроил AҚШдан ўзининг «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими учун 1 млрд долларлик шошилинч ҳарбий ёрдам сўрашни режалаштирмоқда.


Тунис яқинида кеманинг ҳалокатга учраши оқибатида камида 23 киши ҳалок бўлди

Камида 23 африкалик муҳожир Ливиядан Италияга Ўрта денгизни кесиб ўтмоқчи бўлган пайтида, Тунис қирғоқлари яқинида ҳалокатга учрадилар. Кема чўкиб кетди. «[Тунис] денгиз флоти 70 муҳожирни қутқариб қолди, яна 23 киши чўкиб кетди», деди Тунис Қизил ярим ой вакили. Ташкилот вакили бортда 90 дан ортиқ одам бўлганини таъкидлади. — ТАСС.

Шунингдек: Эрон денгиз кучларининг энг йирик бўлган «Харк» кемаси Уммон кўрфазида чўкиб кетди. Кема бортида ёнғин содир бўлган, қутқарувчилар ёнғинни 20 соат ичида ўчиришга ҳаракат қилишган. Ушбу уринишлар муваффақиятсиз тугади ва натижада кема чўкиб кетди. Барча экипаж аъзолари қутқарилди.


АҚШ Aфғонистондан ҳарбий контингентнинг тахминан учдан бир қисми чиқарилганини маълум қилди

«Марказий қўмондонлик тахминларига кўра, биз чиқиб кетиш жараёнини 30−44 фоизга якунладик», дейилади қўмондонлик баёнотида. Хусусан, AҚШ ҳарбий кучлари ҳозиргача эгаллаб турган олтита объектни Aфғонистон Мудофаа вазирлигига топширган. Бундан ташқари, катта миқдордаги ҳарбий техниканинг мамлакатдан олиб чиқарилгани хабар қилинмоқда. Тахминан 13 минг дона асбоб-ускуналар йўқ қилиниши учун Пентагоннинг логистика идораси ходимларига топширилди. — Газета.uz

АҚШ 1 майдан бошлаб Афғонистондан ўз ҳарбийларини олиб чиқишни бошлаган ва бу жараённи 11 сентябргача якунлашни режалаштирмоқда.

Шунингдек: AҚШ армияси Конгрессдан RCV (Robotic Combat Vehicle) робот жанговар мажмуасини ривожлантиришни давом эттириш ва ҳарбий хизматчилар иштирокида экспериментга тайёргарлик кўришда ёрдам бериш учун 84,5 млн доллар миқдорида маблағ сўрамоқда. Шунингдек, Оқ Уй маъмурияти Конгрессдан AҚШ разведка ҳамжамияти фаолияти учун жами 85,5 млрд доллар миқдорида маблағ сўрамоқда. Фақатгина ҳарбий разведка дастурини (Military Intelligence Program, MIP) амалга ошириш учун маъмурият 23,3 млрд доллар ажратилишини талаб қилмоқда. Мамлакатнинг бошқа барча разведка идоралари эҳтиёжлари учун 62,3 млрд доллар сарфланиши кутилмоқда.


Европа комиссияси Шенген зонасини мустаҳкамлаш бўйича янги стратегиясини тақдим этди

Европа Комиссияси 2 июнь куни Шенген ҳудудини мустаҳкамлаш бўйича янги стратегияни тақдим этди. Янги стратегияга мувофиқ, Шенген минтақасининг самарали ишлаши учта асосий принципга асосланади. «Бу Европа Иттифоқининг ташқи чегараларини самарали бошқариш, ички чегара назорати етишмаслигининг ўрнини қоплаш бўйича ички чораларни кучайтириш, хусусан полиция ҳамкорлиги, хавфсизлик ва миграцияни бошқариш, шунингдек, Шенген зонасини ишончли бошқаришни таъминлаш», дейилади ҳужжатда. Бундан ташқари, амалдаги меъёрий ҳужжатларга бўлган ишончни кучайтириш ва камчиликларни тезда аниқлаш ҳамда бартараф этишни таъминлаш учун Европа Комиссияси Шенгенни баҳолаш ва назорат қилиш механизмини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.

Европа комиссияси маълумотларига кўра, Шенген ҳудудида, яъни 26 мамлакатда 420 млндан ортиқ киши яшайди. — Европа Комиссияси.


Янги Каледония мустақиллиги бўйича референдум 12 декабрь куни бўлиб ўтади

Бу ҳақда Франциянинг хориждаги ҳудудлари вазири Себастьян Лекорню маълум қилди. «Бизнинг фикримизча, умумий манфаатлар референдумни тезроқ ўтказилишини талаб қилади. Ҳукумат уни 2021 йил 12 декабрда ташкил қилади», — деди вазир. Кейин, унинг сўзларига кўра, «2023 йил 30 июнга қадар ўз тақдирини ўзи белгилаш бўйича янги референдумга қадар ўтиш даври бўлади», бу архипелаг аҳолиси билан маслаҳатлашувларнинг тўртинчи босқичи бўлади.

Янги Каледония 1853 йилда Франция томонидан мустамлака қилинди. Тинч океанининг жануби-ғарбий қисмида жойлашган ушбу чет элдаги мухторият Францияда алоҳида маъмурий-ҳудудий мақомга эга. Кўп йиллар давомида ҳудудда кескин миллатлараро зиддиятлар, жиддий ижтимоий ва иқтисодий қийинчиликлар кузатилмоқда. — ТАСС.


Чехияда 156 фуқаро коронавирусни қасддан тарқатишда айбланмоқда

Чехия полицияси томонидан мамлакатнинг 156 нафар фуқаросига фавқулодда ҳолат режими пайтида коронавирус инфекциясини атайлаб тарқатиш айби қўйилган. Уларнинг айби тасдиқланса, жазо сифатида 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш қўлланиши мумкин. Чехия қонунларига кўра, касалликни қасддан тарқатиш учун уч йиллик қамоқ жазоси белгиланади. Ушбу жиноят учун фавқулодда режим даврида саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва тажовузкорнинг хатти-ҳаракатлари туфайли иккитадан ортиқ одам вафот этган бўлса — 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Чехияда мамлакат бош вазири Aндрей Бабиш, шунингдек, адлия вазири Мария Бенешовага қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Намойишчилар Прага марказида тўпланиб, расмийларни коррупцияда айблашган. Таъкидланишича, митинг иштирокчилари тиббий ниқоб тақиб, ижтимоий масофани сақлашга ҳаракат қилишган.

29 апрель куни бир неча минг киши Чехия президенти Милош Земанга қарши намойишларда қатнашган эди.


Шунингдек:

  • Япония муҳтож мамлакатларга COVID-19 қарши эмлаш кампанияси учун 800 млн доллар ажратади.
  • БМТ бош котиби сайлови июнь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда. Ҳозиргача Антониу Гутерриш ягона номзод бўлиб қолмоқда.