Халқаро журналист Агнешка Пикулицка ўз шахсий Twitter’ида ТИВ томонидан унинг аккредитациясини узайтирмаслик тўғрисидаги қарорига муносабат билдирди.

«Бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги аккредитацияни янгилашдан бош тортганининг ажабланарли жойи йўқ. Уларнинг таъкидлашича, мен фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситганман, этник ва диний адоватни қўзғатиб, мамлакатнинг ички ишларига аралашганман. Улар шунингдек, ушбу ҳаракатлар бир қатор қонунларга, жумладан «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунга зид эканлигини таъкидлашмоқда», — деб ёзмоқда Агнешка Пикулицка.

Унинг таъкидлашича, «буларнинг барчаси ўтган йили ТИВда мен дуч келган зўравонлик ва воқеаларни ижобий тарзда ёритишим учун менга ўтказилган босимлар» ҳамда «икки ой давомида ижтимоий тармоқларда радикаллар ва ҳукумат ботлари томонидан уюштирилган нафрат кампаниялари, хавфсизлик хизматлари томонидан босимлар ва дўстларимга нисбатан репрессиялар фонида юз бермоқда».

«Сўнгги уч йил давомида мен билан бирга ишлаган ва менга эргашган одамлар бу менинг овозимни ўчиришга уриниш эканлиги ҳамда мамлакатда деярли ўзгаришлар бўлмаганлигини англатишини билишади. Улар шунингдек бу менга Ўзбекистондаги адолатсизлик ва инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳақида гапиришга халақит бермаслигини ҳам билишади», — дея таъкидлади Агнешка Пикулицка.

«Журналист сифатида мен учун ушбу рад этилиш ҳолати кам аҳамиятга эга. Гарчи бу уларнинг вазифаси бўлса-да, аккредитация олганимдан бери, ТИВ менга мансабдор шахслардан интервью олишда ҳеч қандай ёрдам бермади», — деди у.

Журналист сўнгги бир неча ой ичида уни қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилик билдирди ва «сўз эркинлигини қўллаб-қувватловчи барча инсон ҳуқуқлари бўйича гуруҳлар ва ташкилотларга шу аёнки, ушбу рад этилиш ҳолати фақатгина Ўзбекистон ўзгаришларга интилмаётганлигини англатади», — дея қўшимча қилди.

Маълумот учун, 2 июнь куни Ташқи ишлар вазирлиги польшалик журналист Агнешка Пикулицка томонидан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг бузилиши ҳолатлари қайд этилганлиги» сабабли унинг аккредитациясини узайтирмасликка қарор қилганини эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида ИИВ Агнешка Пикулицкани сўнгги вақтларда содир бўлаётган воқеаларни нотўғри талқин қилишда ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини обрўсизлантирадиган маълумотларни нашр этишда айблаган эди.

Февраль ойи бошида мустақил журналист Агнешка Пикулицка-Вилчевска Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги унга аккредитация бермаганлигини маълум қилган эди. Кейинчалик, ТИВ польшалик журналистдан узр сўраган эди ва унинг аккредитацияси расмийлаштирилган эди.