1 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятидаги анорчиликка ихтисослашган боғларни кўздан кечирди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

Фото: президент матбуот хизмати

Маълумотга кўра, Шеробод туманида 48 та маҳалланинг 33 таси анор етиштиришга ихтисослашган. Мазкур анорзорлардан бири «Сардорбек Султонбек» масъулияти чекланган жамияти томонидан туманнинг «Бўстон» маҳалласида ташкил этилган.


Таъкидланишича, 43 гектар ерда 30 минг донадан зиёд анор экилган. Қозоқи навли ушбу анорнинг бир донаси 1 килограммдан зиёд тош босиши мумкин. Кўчатлар бу йилдан ҳосилга кирди. Йилига жами минг тоннадан зиёд маҳсулот олиш мўлжалланган.

«Ўтиш даври — кураш даври. Ҳаётимизни ўзгартириш, дунё бозорида ўрнимизни топиш учун курашишимиз, манфаат берадиган ишни қилишимиз керак. Асосий мақсадимиз — оилаларнинг даромадини кўпайтириш. Ўзи меҳнат қилиб, натижага эришган оила баракали бўлади, соғлиғига қарайди, фарзандларини яхши ўқитади. Билимли болалар келажакда ўз йўлини топиб олади», — деди президент.

Шу ерда Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали тадқиқотчилари билан мулоқот бўлди.

Фото: президент матбуот хизмати

«Бизда анорчилик бўйича анъана бор, лекин илм йўқ, китоб йўқ, лаборатория йўқ. Анор жайдари усулда етиштириляпти. Касалликдан ҳимоя қилишни ҳамма ҳам билмайди. Энг катта нарса — нав керак. Кейин шу навни хонадонларга киргазиш зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Сурхондарёда қишлоқ хўжалигини инновацион йўналтириш бўйича институт ташкил этиш, анор билан бирга лимон, хурмо етиштиришни кўпайтириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Давлат раҳбари туманнинг «Каттабоғ» маҳалласида анорчилик билан шуғулланаётган Абдураҳмон Каримов хонадонида ҳам бўлиб, аҳоли турмуши ва томорқалардан фойдаланиш ҳолати билан танишди. Маҳалла аҳли, нуронийлар билан суҳбатлашди.

Туманда 5 мингдан зиёд аҳоли анор етиштириш билан шуғулланиб, ундан катта даромад топаётгани айтилди, дейилади хабарда.