Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 май куни туризм, шаҳар инфратузилмаси, саноат соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Лойиҳалардан бирида Чирчиқ дарёси соҳили бўйлаб турли инфратузилма объектларини қуриш кўзда тутилган. Аввалроқ «Газета.uz» лойиҳа 2020 йил 29 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сергели ва Зангиота туманларига ташрифи якунлари бўйича тасдиқлангани ҳақида ёзган эди. Чирчиқ дарёси қирғоғининг 16 километрлик қисмини 65−80 метргача торайтириш режалаштирилмоқда. Ҳосил бўлган бўш ер майдонида «Дарё бўйи Бизнес сити» лойиҳаси амалга оширилади. У ерда ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари яратилади.

Лойиҳанинг 16 км масофадаги ҳудудни — Оҳангарон шоссесидан «Янги ҳаёт» туманигача бўлган ҳудудни эгаллаши кутилмоқда.

Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан тақдим этилган лойиҳага кўра, дарё қирғоғини торайтириш, очилган ҳудудда замонавий турар жойлар қуриш, рекрация, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳудудларини барпо этиш режалаштирилмоқда. Соҳил бўйи ободонлаштирилади.

Тошкент ҳокими ўринбосари — инвестицияларни бошқариш ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Шароф Раҳмонов Daryo bo’yi Business City лойиҳаси икки йил давомида амалга оширилишини маълум қилди. Бунда Бектемир туманидаги биринчи босқични 2021 йилда якунига етказиш режалаштирилмоқда.

Унинг сўзларига кўра, дарё ўзанини торайтириш ҳисобига 5 км масофадаги биринчи қисмида 40 гектарга яқин ер бўшатилган. Янги очилган ҳудудда савдо марказлари, замонавий ишлаб чиқариш бинолари, меҳмонхоналар ва сайр зоналари пайдо бўлади.

Тақдимотга кўра, иккинчи босқичда (5 км) виллалар, учинчисида (3 км) — қирғоқ шаҳарчаси, тўртинчисида- юқори технологияли ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш пунктлари қурилиши режалаштирилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 100 млн долларга баҳоланмоқда.

Қурилиш вазири Ботир Зокиров ушбу лойиҳа шарофати билан шаҳарнинг «сув артерияси» тартибга солиниши ва хавфсиз бўлишини маълум қилди.

Чирчиқ дарёси ҳавзасининг торайтирилиши ҳисобига бўшатиладиган жами 400 га ер Daryo bo’yi Business City лойиҳаси доирасида инвесторларга сотилади, дея маълум қилди Business City дирекцияси инвесторлар билан ишлаш бўйича менежер Ирода Ўринова. Ушбу ҳудудда дам олиш жойлари, турар жойлар, савдо-кўнгилочар марказлар, мактаблар, фабрикалар ва бошқа объектларни қуриш ҳам режалаштирилган.

«Бугун сув сатҳи аввалги кўрсаткичлардан паст. Дарё соҳили жуда узун, бироқ, афсуски, ҳозирда инсон аралашуви сабабли ачинарли аҳволга келиб қолган. Кўриниб турибдики, туташ ҳудудлар карьерга айланиб қолган эди, кўплаб машиналар бор. Бу экология учун катта зарар, чунки бу ердан табиат ресурслари — тупроқ ва шағал ташкиб кетилмоқда», — дея таъкидлади Ирода Ўринова.

Қирғоқларни мустаҳкамлаш ва дарё ҳавзасини торайтириш лойиҳасига Молия вазирлиги Тошкент ҳокимиятига 300 млрд сўм миқдорида фоизсиз ссуда ажратади. Маблағ бўшатилган ерларни инвесторларга сотиш ҳисобига қайтарилади.