Чирчиқ дарёси бўйида «Дарё бўйи Бизнес сити» лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу қарор президент Шавкат Мирзиёевнинг 29 май куни Сергели ва Зангиота туманларига бўлган ташрифи давомида давлат раҳбари маъмуриятининг протоколидан жой олгани маълум бўлди («Газета.uz» да нусхаси бор).

Мазкур лойиҳанинг ташаббускорлари сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлиги санаб ўтилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, Чирчиқ дарёси қирғоғининг 16 километрлик қисмини 65−80 метргача торайтириш режалаштирилмоқда. Ҳосил бўлган бўш ер майдонида «Дарё бўйи Бизнес сити» лойиҳаси амалга оширилади. У ерда ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари яратилади.

Президентнинг «Республика ҳудудларида „Business city“ замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорига кўра, икки ой муддатда Тошкент ҳокимиятига тегишли Дирекция ташкил этиш, унинг ҳудуд чегараларини белгилаш, бош режани ишлаб чиқиш ва инвесторларни жалб қилиш топширилган.

Молия вазирлиги дарёнинг қирғоғини торайтириш ишларини молиялаштириш учун пойтахт маъмуриятига 300 миллиард сўм миқдорида фоизсиз ссуда беради. Ажратилган маблағни қайтариш бўш ер майдонларини инвесторларга сотиш орқали амалга оширилади.

Аввалроқ, 2020−2030 йилларга Тошкентнинг йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш Концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқиш ҳақидаги президент қарори лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилганди. Лойиҳага кўра, пойтахт ҳокимлигига Ўзбекистон ҳукумати кафолати остида пойтахтнинг йўл-транспорт инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун 15 йиллик муддатга 200 миллион долларгача қийматда Франция тараққиёт агентлиги ва бошқа халқаро молиявий институтлар ва хорижий давлатларнинг молия ташкилотларининг қарз маблағлари жалб этилади.

Қарор лойиҳасида Тошкент шаҳрида умумий узунлиги 656 километр бўлган пиёдалар ва велосипедлар юриш йўлларининг қурилиши ва Чирчиқ дарёси қирғоғининг 16 километрлик қисмини 65−80 метргача торайтириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, ҳосил бўлган бўш ер майдонларини электрон аукцион орқали сотиш таклиф этилади деб таъкидланган. Бироқ, «Дарё бўйи Бизнес сити» лойиҳаси ундан жой олмаган.