Олий Мажлис Сенатининг 15 ялпи мажлисида Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда Гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонун ҳужжати қабул қилинган.

«Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Айнан шу кўрсаткич бўйича юртимиз топ-50 таликдан ўрин олди», — деди Сенат қўмитаси раиси Малика Қодирхонова.

Сиёсий партиялардаги хотин-қизлар улуши 44 фоизга, олий таълим соҳасида 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди, хотин-қизлар ахборот-коммуникация, инновация, энергетика, мухандислик соҳаларига кенг жалб этилмоқда.


«Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга етди. 81 та вазирлик ва идорада илғор ва билимли аёллардан иборат 15 минг нафардан ортиқ кадрлар захираси шакллантирилди», — дея таъкидлади сенатор.

Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун 224 мингдан ортиқ хотин-қизга жами 6,9 трлн сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди, уларга Халқ банки бириктирилди, 14 та ҳудудда Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ташкил этилди. Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш тизими тубдан қайта кўриб чиқилди.

«Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси қарорлар қабул қилиш ва ижро этишнинг барча соҳаларида ҳамда даражаларида хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенглик тамойилини татбиқ этишга кенг қамровли ёндашувни назарда тутади. Шунингдек, Стратегия эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш ҳамда инсоннинг фундаментал ҳуқуқларига риоя қилиш мақсадида иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда гендер тенглик тарғиб қилинишини таъминлашга хизмат қилади», — деди қўмита раиси.

Унинг сўзларига кўра, стратегияда барча учун тенг ҳуқуқли ва сифатли таълимли таъминлаш, қишлоқ жойларида қизларнинг олий маълумотга эга бўлиши, хотин-қизлар гендер тенглигига эришиш, зўравонликка йўл қўймаслик, одам савдосининг олдини олиш каби масалалар қамраб олинган.

Сенат вакилининг сўзларига кўра, стратегиядаги йўналишлар БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова.

«Гендер тенгликка эришиш стратегияси асосан, узоқ истиқболдаги мақсадли вазифалардан келиб чиқиб, қатор устувор йўналишларда амалга оширилади. Давлат хизматида, ижтимоий-иқтисодий, оилавий муносабатлар ҳамда болалар тарбияси соҳасида, сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш шулар жумласидан. Шунингдек, стратегияда гендер тенгликни таъминлаш тадбирларини ҳисобга олган ҳолда давлат дастурларини бюджетлаштириш ва молиялаштириш ҳам кўзда тутилган», — деди Малика Қодирхонова.

Гендер стратегиясини амалга ошириш орқали қуйидагиларга эришилади:

  • Юқори ва қуйи тизимдаги давлат органларининг раҳбарлик лавозимларига хотин-қизларни тайинлаш амалиётини кенгаяди.
  • Гендер номутаносиблик мавжуд бўлган давлат органларида вақтинчалик квоталаш тизимини жорий қилиш орқали хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги мутаносиблик таъминланади.
  • Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган, айниқса қишлоқ жойларидаги оилалар хотин-қизларини иш билан таъминлаш, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ўзини ўзи банд қилишга эришилади.
  • Энг асосийси — хотин-қизларга нисбатан иш жойларидаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олди олиниб, жамиятда уларга нисбатан шаклланган салбий қарашларга барҳам берилади.

Гендер стратегияни амалга ошириш миллий ва халқаро мажбуриятлар — Пекин Декларацияси ва Ҳаракатлар режаси, Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенция, Барқарор ривожланиш мақсадлари ва бошқаларни бажаришга кўмаклашиши таъкидланди.

Якунда, билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.