Президентнинг 27 майдаги қарори билан Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилади.

Шу билан бирга, 2022 йил 1 январдан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилиб, мустақил марказ сифатида фаолият юритади. Марказ фаолиятини ташкил этишга хорижий экспертлар ва етакчи илмий-тадқиқот муассасалари жалб қилинади.

Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Арнасой кўчасида янги барпо этилган тиббиёт муассасаси биноларидан бирида жойлашади.

Бундан ташқари, қарорга кўра, 2021−2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг болалар гематологияси бўлими негизида умумий штатлар ва стационар ўринлар доирасида Болалар гематологияси ва онкологияси бўлимлари ташкил этилади.

Республика гематология, онкология ва радиология маркази ҳам Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Арнасой кўчасида янги барпо этилган бинога кўчади. 300 ўринли тиббиёт муассасаси биноси 1 сентябрга қадар фойдаланишга топширилади. Унда катталар ва болалар учун алоҳида жарроҳлик, жонлантириш, интенсив терапия, трансфузиология ва трансплантология бўлимлари, шунингдек, радио диагностика ва радио даволаш бўлимлари, бактериологик лаборатория, махсус овқат тайёрлаш бўлинмасини, болаларга таълим олиш имкониятини яратишни назарда тутган ҳолда қуриш ишлари олиб борилиши ва тиббий техникалар билан жиҳозланиши таъминланади.

Ҳужжат билан суяк кўмиги ўзак ҳужайраларини кўчириб ўтказиш амалиёти биринчи босқичда Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида, кейинчалик эса Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида ҳам жорий этилиши режалаштирилган.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент тиббиёт академияси клиникасининг бўш турган ҳудудида жойлаштирилиши кўзда тутилган. Бунинг учун бино-иншоотлар комплекси соҳадаги илғор хорижий тиббиёт муассасаларининг тажрибасини инобатга олган ҳолда ташкил этилиши белгиланган.

Бу ва бошқа мақсадларга, онкология хизматини янада ривожлантириш билан боғлиқ харажатлар учун Давлат бюджетидан 2021 йилда қўшимча 60 млрд сўм ҳамда 2022 йилдан бошлаб 125 мдрд сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағ ажратилади.

2022 йил 1 январдан бошлаб қизлар ва аёллар орасида онкологик касалликлар тарқалишининг олдини олиш ва эрта диагностика қилиш қуйидаги миллий дастурлар асосида амалга оширилади:

  • 9−14 ёшдаги ўсмир қизларни одам папилломаси вирусига қарши вакцина билан эмлаш;
  • 30−55 ёшдаги аёллар орасида бачадон бўйни ва 45−65 ёшдаги аёллар орасида кўкрак бези саратони скрининги.

Туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг «Аёллар маслаҳатхона"лари таркибида мунтазам равишда аёллар орасида кенг кўламли бирламчи текширишларни амалга оширадиган «Онко-назорат» хоналари ташкил этилади. Текширувлар сифати Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан махсус ахборот бошқаруви тизими орқали назорат қилинади. 2021 йил якунига қадар «Онко-назорат» хоналарида фаолият кўрсатувчи шифокорларни тайёрлаш ишлари якунланади. 2022 йил 1 январга қадар эса зарур тиббий техникалар билан жиҳозланиши таъминланади.

«Онко-назорат» хоналари ташкил этилишига вилоят ҳокимлари шахсан жавобгар ҳисобланади. Ўз ҳудудларида гематологик ва онкологик касалликларни эрта аниқлаш ҳамда муваффақиятли даволаш кўрсаткичларининг ошиши, касаллик оқибатида юз берадиган ўлим ҳолатининг камайишига эришилганлиги улар фаолиятининг самарадорлигини баҳолашда асосий мезонлардан бири сифатида эътироф этилади.

1 июлдан бошлаб гематология, онкология, клиник иммунология, трансфузиология ва шу соҳадаги лаборатория йўналишлари бўйича ёш мутахассисларнинг хориждаги етакчи илмий ва тиббиёт марказлари иш жойларида малака ошириши ва стажировка ўташи билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети ҳамда Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади.

Худди шу муддатдан бошлаб беморларнинг онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган давлат тиббиёт муассасалари йўлланмалари асосида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиши билан боғлиқ харажатлари Давлат бюджетидан қопланади. Бундан ташқари, онкологик ва гематологик беморларнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан республика ихтисослаштирилган марказларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги уч ой муддатда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари, гематологик ва онкологик касалликларни камайтириш бўйича ижобий тажрибага эга хорижий давлатлар тажрибаси асосида қуйидагиларни назарда тутувчи гематологик ва онкологик касалликларни эрта аниқлаш дастурини тасдиқлаши керак:

  • бирламчи бўғин шифокорларининг гематологик ва онкологик касалликлар тўғрисидаги ҳушёрлигини ошириш бўйича қисқа муддатли семинар-тренинглар ўтказиш;
  • тиббиёт бирлашмалари лабораторияларининг аниқлик даражасини ошириш, лаборатория шифокорларининг анализларни таҳлил қилиш малакасини ошириш;
  • аҳолининг онкогематологик саводхонлигини ошириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини жадаллаштириш.

Ҳужжат билан гематологик, онкологик ва ирсий иммунологик касалликларга чалинган фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар самарадорлиги ва сифатини ошириш мақсадида беморларнинг электрон рўйхатини юритиш тизими жорий этилиши белгиланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига икки ой муддатда гематология ва онкология касалликларини даволашда фойдаланиладиган дори воситалари рўйхатини, уларнинг самарадорлигини ҳисобга олган ҳолда, қайта кўриб чиқилиши ва ҳар йили янгилаб борилиши юклатилди. Уч ой муддатда Ички ишлар вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда онкологик беморларнинг даволаб бўлмайдиган босқичида уларга наркотик ва психотроп воситаларни буюриш тартибини соддалаштириш, шунингдек, оғриқ қолдирувчи наркотик ноинъекцион воситаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича рўйхатини қайта тузиш бўйича топшириқ берилди.

2022 йил 1 мартга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги катталар ва болаларда гематологик, онкологик ва иммунологик касалликларни ташхислаш, даволаш ҳамда беморларга паллиатив ёрдам кўрсатиш стандартлари ва клиник протоколларини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида қайта ишлаб чиқилишини қайта кўриб чиқади.

Эслатиб ўтамиз, май ойининг ўрталарида президент Шавкат Мирзиёев республика гематология ҳамда онкология ва радиология марказларига ташриф буюриб, бемор ва уларнинг қариндошлари билан суҳбатлашганди ва Ўзбекистондаги онкология хизмати яхшилаш бўйича вазифаларни белгилаган эди.