Президент Шавкат Мирзиёев 14 май куни Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказига борди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Ушбу марказ аҳолига гематологик ва трансфузиологик ёрдам кўрсатиш, шундай касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш, гематология соҳасида илмий изланишлар олиб боришга ихтисослашган. Марказда юқори дозали ва интенсив полихимиотерапия усуллари амалиётга жорий этилган. Ўткир лимфобласт лейкозларни даволашдаги янги ишланмалар натижасида беморларнинг ремиссияга чиқиши ва тўлиқ тузалиши 70−85 фоизгача етмоқда, дейилади хабарда.

Президентнинг 2020 йил 10 февралдаги қарорига асосан, 2020−2024 йилларда гематология соҳасини ривожлантириш учун 546 млрд сўмдан зиёд ва қарийб 71 млн доллар миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. 2021 йилда 91 млрд сўмдан зиёд маблағ ажратилгани қайд этилган.

Маълумотга кўра, мазкур маблағлар ҳисобидан шифохоналар дори воситалари, тиб бий буюмлар, реактив ва реагентлар билан таъминланмоқда. Шунингдек, гематология хизмати моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволашни такомиллаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Шавкат Мирзиёев марказнинг шароитларини кўздан кечирди. У ерда 3 та бино бўлиб, 260 та ўринга эга. Ҳозирги кунда бу ерда 210 нафар бемор даволанмоқда. Шундан 42 нафари болалардир.

Давлат раҳбари ушбу шифохона учун янги бино барпо этиш, унда Россиянинг Д.Рогачёв номидаги тиббий тадқиқот маркази тажрибаси асосида болалар онкогемотологияси маркази ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берди. Айтилишича, у ерда ўзак хужайраларини донордан кўчириб ўтказиш — аллоген трансплантация йўлга қўйилади.

Фото: президент матбуот хизмати.


Президент ташриф чоғида шифохонада даволанаётган болалар ва уларнинг оналари билан суҳбатлашди.

«Гематологияда даволашни яхшилаш бўйича қарорлар қабул қилдик. Лекин, бу ишлар ҳали етарли эмас. Бугун келишимдан мақсад — сизларга янаям кўпроқ шароит яратиш, касалларни тезроқ оёққа қўйиш, даволаш кафолатини ошириш бўйича чораларни белгилаш. Сизлар ҳаммангиз — менинг фарзандларимсизлар. Ҳар куни кулиб туриб, ота-оналарингга мадад бўлишларингиз керак. Албатта тузалиб кетаман, деган интилишингиз бўлиши керак. Биз бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қиламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари оналар ва болаларни Рамазон ҳайити билан табриклади.

«Кўнгилларингиз бўлинмасин. Бир ўзларингиз эмассизлар. Ҳаммамиз ҳамдардмиз. Бу соҳада имкониятларни яхшилаш учун янги марказ қурамиз. У ерда оналар учун ҳам, болаларнинг ўқиши учун ҳам шароит бўлади, даволаш ҳам ўзгаради. Энг катта ниятимиз — тезроқ даво топиб, уйга, оилангиз бағрига қайтишингиз», — деди Шавкат Мирзиёев.