Президент Шавкат Мирзиёев Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Марказда 10 та даволаш корпуси бўлиб, 370 та ўринга эга. Бу ерда йилига 9 мингдан ортиқ беморга стационар, 43 минг нафарига амбулатор тартибда хизмат кўрсатилади.

Фото: президент матбуот хизмати

Тошкент ва Қўқон шаҳарлари, Қорақалпоғистон ва вилоятларда марказнинг ҳудудий филлиаллари ташкил этилган. Уларнинг ҳар бирида паллиатив ёрдам бўлимлари очилган. Илк бор, барча ҳудудий онкологик муассасалар жами 22 та замонавий нур терапияси ускуналари билан жиҳозланди. Хабарга кўра, тиббиёт маркази билан барча филиаллар ўртасида телемедицина амалиёти йўлга қўйилган. Сўнгги уч йилда тизимдаги 150 нафар мутахассис нуфузли хорижий клиникаларда давлат ҳисобидан малака оширган.

«Беморлар учун энг қийини керакли дориларни топиш ва сотиб олишдир. Шу боис бу борада давлат томонидан ҳам кўмак кўрсатилмоқда. Онкология хизмати учун дори-дармон ва сарфлов воситаларига 2016 йилда 8 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич қарийб 62 миллиард сўмга етган», — қайд этилди хабарда.

Давлат раҳбари марказда даволанаётган болаларга шифо тилаб, ота-оналарига далда берди.


«Бу бир синов. Ана шу синовлардан бардош билан ўтиб, тезроқ соғайиб, уйга қайтсаларингиз, ҳаммамиз хурсанд бўламиз. Мен болалар, ёшлар ҳақида кўп гапираман, уларга катта умидлар боғлайман. Илоҳим, мана шу болаларнинг ҳам касаллиги эсдан чиқиб, халқимизга хизмат қиладиган фарзандлар бўлиб етишсин. Улуғ айём кунларида Худодан шуни сўраймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.


Қайд этилишича, марказнинг ҳозирги имкониятлари етарли эмаслигини таъкидланиб, Тошкент тиббиёт академияси клиникасининг бўш турган ҳудудида Республика онкология марказининг янги биноларини барпо этиш бўйича топшириқ берилди.

Бундан ташқари, онкология тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Касалликларни эрта аниқлаш мақсадида мобил бригадалар тузиб, хавф гуруҳига кирувчи аҳоли учун профилактик кўриклар ўтказиш зарурлиги таъкидланди. Маълум қилинишича, бунинг учун ҳар бир ҳудудга мобиль маммографлар ва позитрон-эмиссион томографлар етказиб берилади. Саратон касалликларини эрта аниқлайдиган лабораториялар ташкил этилиб, махсус онкомаркерлар текширувлари йўлга қўйилади.


Жойлардаги онкология ва гематология шифохоналарини таъмирлаб, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, малакали мутахассисларни жалб қилиш вазифаси белгиланди. Касаллик оқибатида оёқ-қўли ампутация бўлган беморларни протез маҳсулотлари билан таъминлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.


Таъкидланишича, онкологик ва гематологик касалликларни даволашни тубдан ўзгартириш бўйича президент қарори қабул қилинади.

Видеоселектордан сўнг, давлат раҳбари Тошкент тиббиёт академияси ҳудудига бориб, Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази биноси учун мўлжалланган жойни кўрди. Янги бинони Жанубий Корея тажрибаси ва лойиҳаси асосида қуриш бўйича кўрсатмалар берди, дейилади хабарда.