24 май, душанба куни Малайзияда пойтахт Куала-Лумпурдаги Петронас эгизак минораларига яқин ер ости туннелида иккита метро поезди тўқнашди, 200 дан ортиқ одам жароҳат олди дея хабар бермоқда Alghadeer TV.

Ҳодиса соат маҳаллий вақт билан соат 20:45 атрофида содир бўлган. Район полицияси сўзларига кўра, поездлардан бири йўловчиларни олиб кетаётган бўлган. Иккинчиси эса синов режимида ҳаракатланиб, бўш бўлган.

«Биз ҳодиса юзасидан ҳанузгача тергов ишларини олиб бормоқдамиз… Аммо, эҳтимол, поездлар ҳаракатини бошқариш марказида тушунмовчилик содир бўлган бўлиши мумкин», — деди район полицияси раҳбари Моҳамад Зайнал.

Ҳодиса натижасида 47 киши оғир, 213 нафари енгил тан жароҳати олган.

Ҳукумат раҳбари «нима бўлганлиги сабабларини ҳар томонлама текширишни» талаб қилди, хабар бермоқда ТАСС. Транспорт вазири Ви Ка Сион «бу Малайзияда енгил темир йўл тизимининг 23 йиллик фаолиятидаги энг жиддий воқеа» эканлигини таъкидлади.

Малайзия оператори Prasarana Malaysia хабар беришича, сешанба куни эрталаб ҳалокат содир бўлган метро линиясида транспорт ҳаракати қисман тикланган, аммо поездлар бир томонлама ҳаракатланмоқда.

Май ойининг бошида Мексикада метро кўприги вагон билан бирга, унинг остида машиналар ҳаракати пайтида қулаб тушган эди. Ҳодиса оқибатида 23 киши ҳалок бўлиб, 70 га яқин одам жароҳатланган эди.