Чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида транспорт вазири ва Uzbekistan Airways раҳбари Илхом Махкамов 2021 йил охирига қадар Ўзбекистонда иккита янги авиакомпания пайдо бўлишини эълон қилди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Транспорт вазири, Uzbekistan Airways раҳбари Илхом Махкамов ва Uzbekistan Airports бошқарув раиси Раъно Жўраева. Фото: Транспорт вазирлиги.

Илҳом Махкамов транспорт вазири ҳамда Uzbekistan Airways раҳбари сифатида «монопол сиёсатини» давом эттиради деган таҳминларни рад этди.

«Бундай эмас. Агар сиз статистикани кўриб чиқсангиз, рақобатбардошлик ёки монополиянинг йўқлиги нафақат мамлакат ичида янги авиакомпаниялар пайдо бўлишига, балки бошқа мамлакатлар авиакомпанияларининг ҳам кириб келишига ҳам боғлиқдир», — деди у.

Мисол тариқасида, транспорт вазирлиги раҳбари Россиядан Uzbekistan Airways билан бир хил йўналишларда парвоз қилаётган 12 та авиакомпанияни, шунингдек, Туркиянинг Turkish Airlines авиакомпаниясининг Ўзбекистонга парвозларини кўпайиши, БААнинг Air Arabia лоукостери, иккита Қозоғистоннинг SCAT ва Air Astana каби авиакомпаниялари ҳамда Мисрнинг учта авиакомапниясининг парвозларини айтиб ўтди.

Илхом Махкамов Qanot Sharq хусусий авиакомпаниясини ўзининг биринчи Airbus A320 самолётини қабул қилганлигини ҳам таъкидлади. Бир ой ичида яна шунга ўхшаш лайнер келиши кутилмоқда.

«Бундан ташқари, билишимча, камида иккита компания транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигига иккита авиакомпания очиш ва ўз фаолиятини олиб бориш истаги билан мурожаат қилган. Бугунги кунда улар ижарага олинган самолётларни сотиб олиш, керакли ҳужжатларни тайёрлаш устида ишлашмоқда», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, транспорт вазирлиги бундай компанияларга тўсқинлик қилмайди, балки уларни қўллаб-қувватлайди. Йил охирига қадар бозорда камида иккита янги авиакомпания пайдо бўлиши мумкин, дея таҳмин қилди у.

Илҳом Махкамовнинг таъкидлашича, Uzbekistan Airways ички парвозларни кўпайтириш учун кам қувватли самолётлар сотиб олиш лойиҳаси устида ишламоқда.

2019 йил июнь ойида Транспорт вазирлиги Uzbekistan Airways’нинг самолётларни сотиб олиш стратегияси ўзгартираётгани ҳақида хабар берганди. Вилоятлараро парвозлар учун Bombardier ёки Embraer сингари кичик ҳажмли самолётларни сотиб олиш режалаштирилган эди.

Air Marakanda

Олдинроқ «Газета.uz» Самарқанд аэропортини ушбу лойиҳага 80 млн доллар сармоя киритиши керак бўлган хорижий Air Marakanda корхонаси бошқарувига ўтказилиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди. Ҳукумат компания билан давлат-хусусий шериклик шартномасини танловсиз тузишга рухсат берди. Транспорт вазири Илхом Махкамов Air Marakanda билан музокаралар анчадан бери давом этиб келаётганини, аммо ДХШ шартномаси ҳали имзоланмаганлигини айтди. Шу билан бирга, у «тендерга қайтиш бу вақтни яна беҳуда сарфлаш» эканлигини қўшимча қилди. Air Marakanda молиявий моделини баҳолаш учун халқаро юридик ва молия компаниялари жалб қилинади.

15 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи давомида шаҳардаги янги халқаро аэропортнинг қурилиш ишлари билан танишди. Шунингдек, давлат раҳбарига меҳмонхоналар, янги сайёҳлик зонаси ва янги авиакомпания яратиш бўйича лойиҳалар тақдим этилди.

Тақдимотда маълум қилинишича, янги ташкил этиладиган авиакомпания лизинг асосида учта A320 самолёти ва иккита вертолёт сотиб олишни режалаштирмоқда. Шунингдек, авиакомпания «Умра» дастури доирасида Саудия Арабистонига рейсларни йўлга қўймоқчи. Тақдимот видеосида Air Marakanda логотипи туширилган самолёт намойиш этилди.