Тошкент шаҳридаги сув тармоқлари ва оқова сув тармоқларининг қудуқларига ўрнатилган «люк"ларнинг ўғирланиш ҳолати кўпаймоқда, дея хабар бермоқда «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ матбуот хизмати.

Тошкент шаҳрида 3 минг кмдан ортиқ сув, қарийб 2 минг кмга тенг оқова сув қувурлари (канализация) мавжуд. Манзилларга узатилган қувурларни бир нуқтада боғлаш учун эса турли ҳажмдаги қудуқлар мавжуд. Сув тармоқларида 32 мингдан ортиқ, оқова сув тармоқларида эса 107 мингдан кўп қудуқ бор. Уларнинг ҳар бирига махсус темир қопқоқлар (люклар) ҳам ўрнатилган.

Таъкидланишича, сўнгги пайтларда сув тармоқларидаги қудуқлардан йилига 2 мингтагача, оқова сув тармоқларидан эса 3 мингтагача ана шундай «люк"лар йўқолмоқда.


Фото: «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ матбуот хизмати

«Бу эса „Тошкент шаҳар сув таъминоти“ МЧЖ учун қимматга тушмоқда. Ушбу металл қопқоқ жамламаларининг ҳажмига кўра ўртача 575 минг сўмдан 2 млн сўмгача харид қилинади», — дейилади хабарда.


Фото: «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ матбуот хизмати

Аксарият ўғирланган бу каби «люк"лар иккиламчи металларни қабул қилувчи шохобчаларга топшириб юборилмоқда. «Люк"ларни қисқа пайвандлаш ҳам натижа бермай қўйган. Қопқоқсиз, очиқ қолган қудуқларга йўловчилар ва транспорт воситаларининг тушиб кетиши натижасида кўплаб маънавий ва моддий зарар етаётгани айтилмоқда.

«Ўринсиз зарарларнинг ўрнини қоплашга сарфланаётган маблағлар соҳада хизмат сифатини яхшилашга сарфланса, сув таъминотидаги муаммолар бир мунча камайган бўларди», — дейилади хабарда.

«Тошкент шаҳар сув таъминоти» фуқаролардан юқоридаги каби ҳолатларга гувоҳ бўлишса, бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар беришларини сўраган.