Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги 28 апрель куни кечки тирбандлик соатларида Тошкент метрополитенининг «Миллий боғ» ва «Новза» станциялари ўртасида поезд тўхтаб қолгани билан боғлиқ ҳодисага муносабат билдирди. Ижтимоий тармоқларда пиёдаларнинг туннел бўйлаб пиёда кетаётгани акс этган видео тарқалди.

Пойтахт метросида носозликлар сўнгги вақтларда тез-тез содир бўлмоқда. Март ойида «Олмазор» (Чилонзор йўли) ва «Бекат-1» (Сергели йўли) орасидаги туннелда икки поезд тўқнашган эди. Апрель бошида эса метронинг Сергели йўналишида контакт рельсининг кронштейни парчаланиб кетди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда поезднинг очиқ эшиклар билан ҳаракати туширилган видео тарқалди.

Агентликнинг қайд этишича, «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида"ги Қонуннинг 8-моддасида йўловчи ташишнинг асослари белгилаб қўйилган, жумладан:

  • шаҳар йўловчилар транспортининг бир маромда ишлашини ташкил этиш;
  • йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини ошириш;
  • йўловчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини, транспорт воситалари ҳаракатининг хавфсизлигини, шунингдек атроф муҳитни муҳофаза қилиш талаблари бажарилишини таъминлаш.

«Аммо, „пойтахт ер остидаги“ воқеалар хизмат кўрсатувчининг ўз мажбуриятларини бажармаётганига далолат бермоқда», — дейилади хабарда.

Агентлик ушбу ҳолатларни ва ҳар бир йўловчи истеъмолчи эканлигини ҳамда уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун билан ҳимояланишини эслатган ҳолда юқорида келтирилган муаммоларни ўз назорати остига олиб, метрополитен хизматлари юзасидан ўрганиш ишларини бошлаганини маълум қилди.