«Тошкент метрополитени» корхонаси поезд вагонларидан бирининг эшиги ҳаракат вақтида очиқ қолгани акс этган видеоёзув бўйича изоҳ берди.

Мазкур ҳолат жума куни 18:40 да «Пушкин» ва «Буюк ипак йўли» станциялари ўртасида юзага келган. Поезд «Буюк ипак йўли» станциясига келиши билан носозлик бартараф этилган ва таркиб одатдаги тартиб бўйича фаолиятини давом эттирган.

Метронинг барча таркибларида эшикларда махсус сигнализация мавжуд бўлиб, улар поезднинг очиқ эшиклар билан ҳаракатланишига тўсқинлик қилади. Бироқ эшиклар ёпилишига сунъий тўсиқ бўлганда ёки ёпиш механизмига ёт жисм тушган тақдирда автомат равишда ёпиш тизими ишламай қолиши мумкин, яъни бундай вазиятларда эшикларнинг пневматик магистрали ўчади, дея изоҳ берди метрополитен маъмурияти.

«Вагонда фавқулодда вазият содир бўлган вазиятда йўловчилардан ҳар бир вагонга ўрнатилган махсус „йўловчи-машинист“ алоқа воситаси орқали таркиб машинистини хабардор қилишни сўраймиз. Шунингдек, эшикларга суянмаслик ва автомат равишда ёпилаётган вақтда ушлаб турган ҳолда улар ҳаракатига тўсқинлик қилмасликни ҳам сўраймиз. Йўловчилар вагонга суқилиб кириш ёки кимгадир ёрдам бериш мақсадида тез-тез автомат эшикларни ушлаб туришади. Натижада таркиб станцияда белгилангандан кўпроқ муддат қолиб кетиши мумкин», — дейилади хабарда.

«Тошкент метрополитени» раҳбарияти ҳодиса юзасидан кечирим сўраб, хизмат текшируви бошлангани, жумладан, вагон ичидаги ва станциялардаги видеокамералар ёзувлари ўрганилаётганини маълум қилди.