Қирғизистон президенти Садир Жапаров 26 апрель куни АКИпрессга берган интервюсида Кампир-Обод сув омборининг бир қисми Ўзбекистонга берилишига қарши митинглар ҳақида фикр билдирди.

Икки мамлакат ўртасида март ойида эришилган келишувлар доирасида қатор чегара участкалари, шу жумладан Унгар-Тоо тоғи Қирғизистонга ўтказилиши керак эди. Ушбу ҳудудлар эвазига Ўзбекистон Кампир-Обод сув омборидан фойдаланиш ҳуқуқини олди. Шаҳрихонсой канали жойлашган 50 гектар майдон ҳам Ўзбекистонга ўтади. Бунинг учун Қирғизистон Ўзган вилоятининг 50 гектар чегара зонасини олди. «Газета.uz» аввалроқ бу ҳақда Қирғизистон оммавий ахборот воситалари ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчибек Ташиевга асосланиб ёзган эди. Ўзбекистон томони Қирғизистон билан тузилган шартномалар натижалари тўғрисида расмий равишда хабар бермади.

14 апрель куни Қирғизистоннинг Қорасув вилояти Савай қишлоғи аҳолиси Кампир-Обод сув омбори яқинидаги 50 гектар майдоннинг ўзбек томонига берилишига қарши муддатсиз акцияни бошлашди. Оқсоқоллар расмийларнинг хатти-ҳаракатларидан, ер участкалари алмашинуви тўғрисида тушунарли маълумотларнинг йўқлигидан ва маҳаллий аҳолининг фикри инобатга олинмаганидан норози эканликларини айтишди. Аҳолининг фикрига кўра, алмашиниш Қирғизистон манфаатларига зарар етказган ҳолда амалга оширилган.

17−19 апрель кунлари Қорасув туманидаги Интимак қишлоғида, 21 апрелда Қизил Октябрь қишлоғида яшовчилар шу каби акцияни ўтказдилар.

Намойишчилар билан чегараларни делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат комиссияси раҳбари Қамчибек Ташиев учрашди. У яна Тошкентга музокаралар олиб боришга ва 50 гектар ўрнига 20 гектар ерни Ўзбекистонга ажратишга келишиб олишга ваъда берди.

Садир Жапаровнинг муносабати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «икки мамлакат ўртасида чегара масалаларида ҳар доим тортишувлар бўлиб туради» деди.

«Буни ҳал қилиш осон эмас. Масалан, Ўзбекистонда ҳам муҳокамалар бормоқда — улар ҳам ўзларининг ерлари берилган, дейишади, улар ҳам норози. Шунинг учун, чегаралар масаласи ҳал этилаётганида, битта участкадан 5 гектар ер берадиган бўлсангиз, бошқа жойда, бошқа қишлоқда ёки минтақада 5 гектар ер олишингиз керак», — дея тушунтирди у.

Садир Япаровнинг таъкидлашича, бундан олдин барча чегара масалалари «яширин равишда ҳал қилинган».

«Ўзингиз биласиз, 30 йил давомида улар яширинча қарор қилдилар, имзо қўйдилар, ратификация қилдилар, тасдиқладилар ва кейин тиканли симни ётқизгандан сўнг, одамлар бизнинг ерларимиз бериб юборилганидан ғазаблана бошларди. Шундай қилиб бизнинг ерларимиз бериб юборилди. Ва энди биз ушбу ерларни қандай қилиб бўлса ҳам қайтариш бўйича музокаралар олиб бораяпмиз. Ва бундай музокараларда, агар биз бир томондан берадиган бўлсак, бошқа томондан оламиз», деди у.

Президентнинг таъкидлашича, энди бу масала аҳоли биргаликда музокаралар йўли билан ҳал қилинади

«Ҳозир музокараларнинг бошланиши. Ҳеч қандай ҳужжат имзоланмаган. У тўрт босқичдан ўтади, шундан кейингина имзоланади. Биринчидан, комиссия протоколни кўриб чиқади, кейин президентларга етказади, улар кўриб чиқади ва парламентга юборади, парламент уни тасдиқлайди ва президентга қайтариб юборади, президент имзолагандан кейингина кучга киради. Биз музокаралар олиб боряпмиз ва буни давом эттирамиз», деди у.

Унинг сўзларига кўра, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш комиссиясига маҳаллий аҳолини қўшиш режалаштирилмоқда.

«Биз аввалгиларидаги хатоларни такрорламасликка ҳаракат қиламиз. Авваллари нафақат маҳаллий халқ, балки қирғизистонликлар ҳам билмаган. Фақат тиканли симни тортилаётганда билишган… Аммо биз давлатимиз ва халқимиз зарарига қарор қабул қилмаймиз. Биз бор куч-ғайратимизни давлат ва халқ фойдасига йўналтирамиз», деди президент.

Садир Жапаров яқин ойларда мамлакатнинг жанубий ҳудудларини айланиб ўтиб, халқ билан учрашишни режалаштирмоқда

«Тахминан май охири, июнь-июлларда бўш вақтим бўлади, ўшанда жануб бўйлаб сафар қиламан, халқ билан учрашаман. Маҳаллий аҳоли билан маслаҳатлашамиз ва кейин қарор қабул қиламиз», — деди у.