Апрель ойи якунида Шавкат Мирзиёев бир қанча тадбирларда иштирок этиши ҳамда икки давлат раҳбарлари билан мулоқот қилади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов душанба куни ўтказилган брифингда маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Унинг таъкидлашича, улар қаторида, қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича видеоселектор ўтказилиши хам режада бор.

Унда иккита асосий йўналиш муҳокама қилинади:

  • Ички бозорни қурилиш материаллари билан етарлича таъминлаш, энергия самарадорлиги орқали таннархни тушириш;
  • Импорт таркибини ўрганиб, уларнинг ўрнини босадиган сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, бунинг учун янги инвестиция лойиҳаларини шакллантириб, корхоналарни қўшимча қўллаб-қувватлаш.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Президент вакилининг қўшимча қилишича, давлат раҳбарининг ҳафталик иш режасидан бир қатор соҳаларга оид тақдимотларни ўтказиш ҳамда халқаро тадбирларда қатнашиш ҳам ўрин олган.

«Ҳафта давомида кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, ҳудудларда иқтисодиёт тармоқлари самарадорлигини ошириш, темир йўл транспорти тизимидаги трансформация жараёнларини жадаллаштириш юзасидан тақдимотлар ўтказилиши кутилмоқда. Шунингдек, бу ҳафтада давлатимиз раҳбарининг Хитой Раиси Си Цзиньпин ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан мулоқотлари ҳам режалаштирилган», — деди Шерзод Асадов.

Аввалроқ, мазкур брифингда Тошкентдаги 524 та маҳаллага ободонлаштириш учун 2 млрд сўмдан маблағ ажратилиши ва Тошкент халқаро аэропортининг иккинчи қаватига олиб борадиган эстакада йўли очилиши маълум қилинган эди.