Жума куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев куннинг биринчи ярмида хориж давлатларининг янги тайинланган элчиларини қабул қилган бўлса, тушдан кейин Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази ҳамда Тошкент шаҳридаги Технопаркда ишга туширилган янги корхоналарни бориб кўрди (видео).

Кун якунида эса давлат раҳбари Яшнобод туманидаги Парвоз маҳалласида болалар, ёшлар, оқсоқоллар ва фаоллар билан суҳбат қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.


Президент Бангладеш, Чехия, Миср, Иордания, Туркия ва Россия элчилари ҳамда Европа Иттифоқи делегацияси раҳбаридан ишонч ёрлиқларини қабул қилган.


Шавкат Мирзиёев элчиларни қутлаб, сўзлаган нутқида Туркий кенгашнинг Истанбулдаги навбатдаги йиғилиши ва Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга расмий ташрифига тайёргарлик кўрилаётганини таъкидлаган.


Шундан сўнг, президент қабулида дипломатик миссиясини якунлаётган Тожикистон элчиси Содиқ Имомий бўлган. Давлат раҳбари икки томонлама муносабатларнинг бугунги юксак даражасига эришишдаги катта хизматлари ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун элчини Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирлаган.

Бошқарув маркази.

«Электрон ҳисоблагичлар ўрнатиш осон… Энг қийини энди бошланади».

Тушдан ўтгач, Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги бир нечта объектларни бориб кўрди. Улардан биринчиси — «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази бўлди.


Лойиҳа қиймати 20 млн долларга тенг бўлиб, Жанубий Кореянинг «KT Corporation» компанияси билан ҳамкорликда бунёд этилган ва ўтган йилнинг августидан ўз фаолиятини бошлаган. Бу ерда республикадаги барча электрон ҳисоблагичлар ягона тизим орқали бошқарилади.

Марказдаги серверлар.

«Газета.uz» мухбири маълум қилишича, ҳозирга қадар режадаги 7 млн 400 мингта ҳисоблагич алмаштирилиши лозим бўлса, шундан 6 млн 578 мингтаси (89 фоизи) ўрнига АСКУЭ ҳисоблагичлари ўрнатилган. Уларнинг эса 4 млн 127 мингтаси (63 фоизи) биллинг тизимига уланган ва ушбу истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар автоматик тарзда амалга оширилмоқда.


Дастлабки босқичда марказга ўрнатилган серверлар ва дастурий таъминот 8 млн истеъмолчига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Марказ раҳбариятининг таъкидлашича, серверга зарурий ускуналар олиб келиниши билан ушбу кўрсаткични 20 млнга етказиш мумкин.


«Электрон ҳисоблагичлар ўрнатиш осон, бу биринчи қадам. Энг қийини энди бошланади, — деди Шавкат Мирзиёев. — Ҳудудларда, узоқ қишлоқларда ҳисоблагичларни эксплуатация қиладиган профессионаллар етарлими? Иккинчидан, тизим ташқи таъсирларга қай даражада чидамли? Учинчидан, кейинчалик тармоқ эскириши туфайли юзага келадиган ҳолатлар ҳисоб-китоб қилинганми? Шуларни ҳозирдан ўйлаш керак. Тушумларнинг маълум бир фоизини илмга, модернизацияга йўналтириш зарур».

Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази директори Равшан Мирсалихов.

Марказ директори Равшан Мирсалиховнинг айтишича, электрон ҳисоблагичлар май ойи охирига қадар мамлакатдаги барча хонадонларга кириб боради. АСКУЭ эса йил давомида подстанциялар ўрнатилгач, биллинг тизимига босқичма-босқич уланади. У шунингдек, фаолият давомида аниқланаётган муаммо ва камчиликлар бирин-кетин ҳал қилинаётганини ҳам қайд этган. Бу борада «Газета.uz»да тез орада алоҳида репортаж эълон қилинади.

Кейинги манзил — Тошкент шаҳридаги Технопарк.


Бу ерда ўтган йили жами 365 млн доллардан ортиқ 17 та лойиҳанинг 6 таси йўлга қўйилган эди. Йил бошидан бери яна 4 та корхонада синов тариқасида ишлаб чиқариш бошлаб юборилди:

  • Фурнитура ва аксессуарлар лойиҳаси — қиймати 20 млн доллар. Корхонада 450 та иш ўрни яратилган бўлиб, эшик ва ромлар учун йилига 6 млн дона фурнитура ва аксессуар ишлаб чиқарилади.
  • Яна бир лойиҳа — 5 хил модификациядаги панелли иситиш радиаторлари ишлаб чиқариш корхонаси. Унинг қиймати 19 млн доллардан ортиқ. Бу ерда 250 киши иш билан таъминланган, қуввати йилига 640 минг дона.
  • Алюмин композит панеллар корхонаси — унда йилига 432 минг дона маҳсулот ишлаб чиқарилади ва 80 та иш ўрни яратилган.
  • Металл конструкциялар заводи — 29 млн долларлик лойиҳа эвазига 350 киши ишга эга бўлган. Унда 3 хил сендвич панеллар ҳамда 2 турдаги қора ва енгил металл конструкциялар ишлаб чиқарилади.


Янги ишга тушаётган корхоналарда маҳаллийлаштириш даражаси 35−40 фоизни ташкил этади. Давлат раҳбари корхона негизида ташкил этилган лаборатория фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Бу ерда маҳсулотлар сифат назоратидан ўтказилади.


Корхоналарни кўздан кечирар экан президент: «Бу корхоналарнинг, албатта, иқтисодий аҳамияти катта. Лекин мени кўпроқ қувонтирадигани ёшларимизнинг малакаси, ишончи. Ҳозирги ёшлар ўқиган пайтларда бунақа станоклар йўқ эди. Шу ишларни 15 йил олдин бошлаганимизда болаларимизнинг билими, савияси бугун умуман бошқача бўларди», — дея таъкидлади.



«Тошкент намуна бўлиши керак» — Шавкат Мирзиёев Парвоз маҳалласига борди.

Дастлаб, президент Яшнобод тумани ҳокими, ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари билан суҳбатлашди.


«Икки одамни, аёлни рози қилган, икки нафар фуқарони ишга жойлаштирган, 10 нафарини даволаган бўлсанглар, мен сизлардан миннатдорман. Лекин шу тизимли бўлиши учун нима қилиш керак… Тарбия ҳам, адашган ҳам, нуронийимиз, касалимиз, жиноятчимиз ҳам шу ерда. Давлатга ишонч қачон бўлади, маҳаллада ўзгариш бўлса. Тўғри, катта бинолар, заводлар қураяпмиз, у бошқа нарса. Маҳаллада ўзгариш бўлса, бу мутлақо бошқа нарса… Тошкент намуна бўлиши керак», — деди давлат раҳбари.

Миллий гвардия лентенанти Маннонова Зулфия.

У шунингдек, жиноятнинг асосий қисми уюшмаган ёшларга тўғри келиши ва бунга сабаб улар билан мулоқот қилинмаслигида эканини таъкидлади.

«Жиноятни ким қилади? 60 фоизи уюшмаган ёшлар қилаяпти-ку. Биз у билан гаплашмаймиз. Нима учун жиноят йўлига кираяпти? Иши, ўқиши, эътибори, маъанавияти, таълими йўқ, спорт билан шуғулланмайди. Ҳеч ким уни ўқиши билан шуғулланмайди. Маҳалланинг ичида жуда катта муаммолар мужассам… Ахборот технология бор, назорат бор жиноятни олдини олса бўлади-ку… Менга Тошкентда жиноят жиловланди деган гап керак», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.


Президент ушбу маҳаллада Уй-жой мулкдорлари ширкати ўрнига жорий этилган Шинам уй-жой бошқарув сервис компанияси фаолияти билан танишди. Бу тажрибани бошқа маҳаллаларда ҳам жорий қилиш бўйича кўрсатма берди.



Мутасаддиларга пойтахтдаги барча 524 та маҳаллани Парвоз маҳалласидек ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. Бунинг учун ҳар бири маҳаллага маблағ ажратиб, лойиҳа, смета-ҳужжатларини тасдиқлаш зарурлиги айтилди.

Шу ерда нуронийлар, жамоатчилик вакиллари, оқсоқоллар ва маҳалла фаоллари билан суҳбат бўлди.


«Улуғ айём кунларда сизлар билан кўришганимдан хурсандман. Меҳр кўзда дегандек, ёшлар, нуронийлар билан гаплашсам ўзимга куч, катта режалар оламан. Одамларнинг ҳар бир гапи менга масъулият бағишлайди. Халқимизни рози қилсак, иншооллоҳ, ажри ҳам бўлади», — деди президент.