Пайшанба куни пойтахт ҳокимлигида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 31-сессиясида маълум қилинган 2021 йилги режалар муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Унда асосий эътибор, ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ҳудудлардаги аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал қилиш учун шаҳар ва туман депутатлари ҳамда маҳалла раислари, шунингдек, сектор раҳбарларига маблағлар ажратиш тўғрисидаги фикрига қаратилди.


Давлат бюджетидан аҳоли муаммоларини тўғридан-тўғри ҳал этишга депутат ва маҳалла раисларига жами 179 млрд 700 млн сўм ажратилмоқда. Бундан ташқари, аҳолининг мурожаатларини ўрганишни юқори савияда ташкил этиш мақсадида пойтахт сектор раҳбарларининг ҳар бирига — 5 млрд сўмдан [3 та сектор — 15 млрд сўм] ҳамда шаҳар Миллий гвардия бошқармаси бошлиғига — 2 млрд сўм ажратилади.

Матбуот анжуманида иштирок этган беш нафар шаҳар Кенгаши депутати ушбу маблағлар нимага, қачон ва қай тартибда сарфланиши бўйича режалар ҳақида батафсил маълумот беришди. Шу ўринда маблағлар давлат бюджетидан ажратилаётгани ҳам таъкидлаб ўтилди.

Чапдан ўнгга депутатлар Васила Алимова, Тошпўлат Матибаев, Мухтор Илҳомов ва Наима Жабборова.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари Тошпўлат Матибаевнинг айтишича, депутатлар ҳоким таклифидан барча қатори сессия вақтида хабар топишган ва шундан сўнг, маблағларни самарали сарфланишини ташкиллаштириш бўйича чоралар кўрила бошланган.

Маблағлар нималарга сарфланади?

Депутат Тошпўлат Матибаевнинг айтишича, «бу пулларни ишлатиш йўли, усули бор».

«Биринчидан, бу пулларга давлат дастурига кирган инвестиция лойиҳаларига ишларни бажариш мумкин эмас. Қатъий ман этилади. Давлат дастури ва инвестиция лойиҳаларига киритилмаган, лекин бу муаммо аҳолида турибди. Ҳаммаси ижтимоий соҳада. Тиббиёт, умумтаълим, мактабгача таълим, спорт мажмуалари ёки маҳалланинг ўзида йиғилиб, йиллар давомида туриб қолган муаммоларни бартараф этишга йўналтириладиган пуллар. Буни ўзидан-ўзи олиб ишлата олмайди ҳеч ким», — деди Тошпўлат Матибаев.

Жамоатчилик кимга мурожаат қилиши лозим?

Бундан ташқари, жойлардаги ижтимоий муаммолар, жумладан, оилавий поликлиникаларга кўмаклашиш, мактаб ва болалар боғчаларининг муаммоларини ҳал этиш, кўчалар ва маҳаллаларни ободонлаштириш ҳамда бошқаларни ҳал этишда депутатлар жамоатчилик билан қандай мулоқот олиб боришига ҳам тўхтаб ўтилди.

«Бу пулни ишлатиш технологияси бор. Жойлардаги ташкилотлар ўзлари сайлаган депутатга мурожаат қилади. Депутат бориб ўрганиб, ташкилот хати билан туман ҳокимиятига беради. Бу муаммо бирорта давлат дастурида борми ёки йўқми? Йўқ бўлса, ҳокимиятдаги мутасаддилар ўзининг хулосасини бериб, смета тайёрланади», — деди депутат.

Шундан сўнг, сметани Тошкент шаҳар Кенгаши котибияти мутахассислари ўрганиб, бюджет комиссиясига тушириши айтилди.

«Комиссия жойига бориб ўрганиб, нарх-навоси тўғри келиш-келмаслигини кўриб бўлганидан кейин Кенгашга олиб чиқади. Буни кўрсатиб, ҳар бир тийинигача қаерга кетаяпти, нима бўлади, шуни қилгандан сўнг, 60 та депутат қўллаб-қувватлаб, (кўпчилик қисми — таҳр.) овоз берганидан кейин Кенгаш қарори билан ҳокимга киритилади. Ҳоким буни молия бошқармасига беради ва ўрганилади. Алоҳида хат билан туман ҳокимиятига боради ҳамда тендер асосида ким ютиб чиқса, депутатнинг назорати остида амалга оширилади. Ҳар бир сўмнинг орқасида аҳолининг муаммоси, унинг ечими турибди», — дея қўшимча қилди Матибаев.

Депутат Фарруҳ Раҳматов қурилиш зарурати бўлмаган масалалар ҳам худди шу тартибда кўриб чиқилишини қўшимча қилди.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Фарруҳ Раҳматов.

«Масалан, оилавий поликлиникага янги ускуналар олиш, худди шу тартибда ускуна ростдан ҳам керакми, бу ускуна аслида йўқми — ўрганиб, тегишли соғлиқни сақлаш ташкилотларидан ҳам маълумотлар олиниб, дастурга киритилмагани бўлса, албатта, шу тизим бўйича кўриб чиқилади», — деди у.

Бундан ташқари, Тошпўлат Матибаевнинг қўшимча қилишича, жараён тўлиқ шаффоф олиб борилади.

«Бизда қонунчилик комиссияси ҳамда бюджет комиссияси бор. Ҳар бир тийинигача шу ерда мутахассислар кўриб, ҳисоблаб чиқиб, шундан кейин депутатларнинг учдан икки қисми овоз бергач тасдиқланиб, ҳокимга киритилади. Ҳоким қўл қўйиб берганидан кейин молия бошқармаси яна бир марта кўриб, туман махсус ҳисоб рақамига туширади. Туманда тендер бўлиб, шаффофлик бўлганидан кейин пул ўтади. Шу масалани кўтариб чиққан депутат охиригача ўзининг назоратига олади ва ҳисоботни Кенгашга тақдим этади».

Жараён муддати

Тадбирда депутатлар ўзларига ажратилган маблағни йил якунигача муаммолар ечимига йўналтириши лозимлиги таъкидланди.

«Муддат йил давомида. Агарда ажратилган пулни ишлата олмаган бўлса, муддат етмай қолиши мумкин. Шу пулни шаҳар Кенгаши тасдиқлаб, ўша жойга ўтадиган бўлса, аҳоли бажариладиган ишни умид билан кутади. Қарорлар ҳам шаҳар, ҳам туман миқёсида чиққан бўлса, биз бу пулни кейинги йилда ўтказиб, бошланган ишни охирига етказишга ваъда берамиз. Агарда лойиҳа бўлмаса, саъй-ҳаракатлар бўлмаса, давлат бюджетига қайтиб кетади», — дея қайд этди Матибаев.

Манфаатлар тўқнашуви

«Газета.uz» мухбирининг маълум қилишича, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раисининг ўринбосари Тошпўлат Матибаев маблағ натижасида юзага келиши мумкин бўлган манфаатлар тўқнашуви қандай аниқланиши ва унинг олдини олиш бўйича қандай чоралар кўрилиши ҳақидаги саволига юзаки жавоб берди.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари Тошпўлат Матибаев.

«Бу биринчи маротаба бўлганидан кейин қизиқиш, шубҳа кўп. Лекин депутатларимиз, ишонаман, яна айтаман, орқасида сайловчилари ва яқинлари бор. Ҳозир депутатларимиз назорат органига айланаяпти. Илгари фақат мурожаат қилиб, сўровнома қилса, ҳозир улар талаб даражасига ўтаяпти. Кенгаш томонидан чиқаётган пулларнинг ҳар биттасининг орқасида депутатлар бор. Улар бунинг бошидан охиригача назоратга олади», — деди.

Депутатларнинг ўзлари маблағларнинг ишлатишида манфаатлар тўқнашуви юзага келиш ёки келмаслик, унга қарши курашиш масаласи эса очиқ қолди.

Форс-мажор

Депутат бошқа лавозимга ўтганида ёки бошқа сабаб туфайли унинг ўрни бўшаб қолганида маблағлар сарфи қай тартибда давом этишига ҳам ойдинлик киритилди.

«Бу ерда нафақат шу 2 млрд сўмга боғланиб қолинган жойи йўқ. Мана, бизда ҳам депутатларимиз раҳбар бўлиб, ўзининг жойини бўшатди. Шунинг ўрнига янги сайланган депутат келса, маблағ кам қолган, лекин муаммо бор. Бизда давлат бюджетидан ажратиладиган пуллар етарли. У муаммони кўтариб чиқиб, бугунги кунда долзарб деса, буни, албатта, Кенгаш депутатлари қўллаб-қувватласа, яна қўшимча маблағ ажратиб берилади», — деди Матибаев.

У бир йил аввал шаҳар депутати Фурқат Қаландаровнинг Бектемир туманидаги муаммони Кенгашга олиб чиққанини мисол қилиб келтирди.

«Муаммони кўтарди. Кенгаш қўллаб-қувватлади. Шу билан 2 млрд эмас, 25 млрд сўм ичимлик сувига ажратилди. Бу дегани фақат 2 млрд сўм билан чегараланиб қолди, дегани эмас. Муаммо бўлса, унга маблағ ажратадиган ва тақсимлайдиган — Кенгаш», — деди Тошпўлат Матибаев.

Маҳалла раисларига 50 млн сўм

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги маҳалла раислари қўлига 50 млн сўмдан берилиши ва улар хоҳлаганича ишлатиши мумкинлиги ҳақида урчиган гап-сўзларга муносабат ҳам билдирилди.

«50 млн менинг қўлимга берилмайди, бу ҳисоб рақамимизга тушади. Ҳисоб рақамидан бир тийинни олиш учун қанча ҳужжатларни банкка тақдим этиш керак. Банк ўзидан-ўзи чек ёки бошқа нарсага пул бермайди. Мен тўғридан-тўғри МФЙга бўйсунаман, у мени сайлайди ва ишдан олади. Худди шундай, йиғинга бўйсунадиган маҳалла тафтиш комиссияси бор. У ҳар ярим йилда маҳалла амалга оширилган молиявий фаолияти, ўзимизнинг қарорларни бажариш бўйича тафтиш ўтказади. Маҳалла раисларимиз ҳам нотўғри тушунган бўлиши мумкин, „мана менга ҳозир 50 млн сўм беради, хоҳлаган ишимни қиламан“, деб, йўқ. Давлатнинг бюджетидан кетаётган ҳар бир сўм учун биз жавоб берамиз», — деди депутат Наима Жабборова.

Каттақорасув МФЙ раиси, шаҳар Кенгаши депутати Наима Жабборова.

У, шунингдек, маҳаллада маблағларнинг сарфланиши тартибига ҳам тўхталди.

«Маҳалла раиси подшоҳ эмас, раис жамоат ташкилотининг раҳбари. Менинг ўзимнинг органим бор, бу — маҳалла фуқаролари йиғини. Уларнинг орасида маҳалла фуқаролар йиғини кенгаши бор. Каттақорасув маҳалласида 27 кишидан иборат кенгашимиз бор. Барча масалаларни мана шу кенгаш аъзолари билан ҳал қиламиз. Муҳим бир каттароқ масалани ҳал қилишда кенгашдан ташқари, кўп қаватли уй ҳамда кўчабошилар фикр билдиришга ҳақли. 2001 йилдан бери МФЙ тизимида фаолият кўрсатаётган бўлсам, бирор марта кимдур маҳаллага ёрдам бермаган. Тўғри, идиш-товоқ олиб беришарди, бирорта тадбирни ўтказишга кўмаклашарди», — деди депутат.

Депутат ўзининг маҳалласида қизалоқни чет элда операция қилиш зарурати туғилгани ва уни ҳал этиш учун ҳокимият ҳамда республика миқёсидаги ташкилотларга мурожаат қилиб чиққанини эсга олди. Унинг айтишича, раисларга бериладиган 50 млн сўм ёрдамида эндиликда маҳаллалар ўз муаммоларини ўзлари ҳал этиш имконияти яратилди.

«Элементар ҳолат, битта болага „коляска“ олиб бериш учун мингта ташкилотга мурожаат қилишим керак. Ҳужжатларни обориб топшириб, кутишимиз керак. Токи мутасадди ташкилотлардан аравача келгунича бола ўсиб, энди каттароқ аравача керак бўлади. Жуда кўп шунақа вазиятлар бўлади. Ўйламангларки, у пулни ўзининг бирорта эҳтиёжига ишлатади, деб, йўқ, ўзимизга ишлатмаймиз. Бу фақат маҳаллада яшаётган фуқароларнинг ижтимоий эҳтиёжларига», — деди Жабборова.

50 та МЙФга «СПАРК»

Қолаверса, анжуман вақтида пойтахт маҳаллаларининг (524 та) энг фаол ва энг яхши кўрсаткичга эга 50 та МФЙга ҳомийлар томонидан «Спарк» автомашинаси совға қилиниши масаласига ҳам тушунтиришлар бериб ўтилди. Жумладан, ушбу автомобиллар тўлиқ ҳомийлар ҳисобидан, беминнат ажратилаётгани айтилди. Қўшимча қилинишича, бунинг учун ҳомийларга уларнинг тадбиркорлик фаолиятига оид қандайдир имтиёз бериш кўзда тутилмаган.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Мухтор Илҳомов.

«Маҳалланинг ҳар бир йўналиши бўйича кўрсаткичлари жуда катта бўлиши керак. Маҳаллада жиноятчилик, оилавий ажримлар, гиёҳвандлик, жанжалкаш оилалар бўлиши керак эмас. Ҳамма томондан кўркам, обод бўлиши керак. Мана, хонадон ҳам остонадан бошланади-ку, агар маҳаллада ҳам ҳар бир иш жойида бўладиган бўлса, ана ўшандагина совғани олиш мумкин», — деди Илҳомов.

Бунга қўшимча равишда маҳаллалар танлаб олинаётганида у ерда яшовчи аҳолининг фикри ҳам ўрганилиши айтилди.

«Мен ҳозир ҳамма рақамларимни чиройли қилиб топширишим мумкин. Лекин бу кўрик-танловга ўхшаган. Юқоридан пастга тушиб, аҳолидан раисинг ким, қанақа деб уларнинг ҳам фикрини сўрашади. Маҳалланинг фақат қоғоздаги кўрсаткичи эмас, амалда қанақа иш олиб бораяпти, маҳаллада урф-одатлар қанақа ривожланаяпти, салоҳияти борми, болалар маҳалла нима деганини тушунадими, йўқми, шу тарафларга ҳам қаралади», — деди Наима Жабборова.

Шу қаторда ташкилот томонидан маҳаллаларни ўрганиши давомида журналистлар, блогерлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштироки таъминланиши ҳам қайд этилди.

Бу Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг PR-кампаниясими?

Матбуот анжуманида журналистлар ушбу маблағларнинг ажратилиши ортидан пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев PR қилинаётганига оид саволига ҳам ойдинлик киритилди.

«Бу шаҳар ҳокими пиари дегани жуда ҳам ноўрин, нотўғри фикр. Ман бу фикрга қаршиман. Депутатларимизнинг обрўси учун, сайланган жойлардаги йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилиш мақсадида ажратилаяпти. Аҳоли розилигини олиш учун ҳурматли шаҳар Кенгаши раиси — ҳоким бизга шуни таклиф қилиб чиқди. Бу ерда ҳеч қандай пиар ҳақида гап кетаётгани йўқ», — дея тушунтириш берди халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари Тошпўлат Матибаев.

«Газета.uz» мухбири билан суҳбатда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаев депутатларга ажратиладиган маблағлар сарфи ва аҳоли ўз муаммолари билан мурожаат қилиши учун алоҳида платформа (веб-сайт назарда тутилмоқда — таҳр.) яратиш режада борлигини, бунинг лойиҳасини пойтахт ҳокими тасдиқлагач, ишга тушириш масаласи ҳал бўлишини маълум қилди.