Давлат жаҳон тиллари университетининг 6 нафар талабаси 2020 йили карантин туфайли масофавий таълим олаётганида электр таъминотидаги узилишлар сабаб, назорат ишларини ўз вақтида модулга юклай олмаган. Шу сабаб улар кейинги курсдан йиқилган.

Ушбу ҳолат юзасидан талабалардан бирининг бобоси жорий йилнинг февралида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга мурожаат қилган.

Омбудсман матбуот хизматининг хабарига кўра, у имтиҳон натижаларидан норози экани, набираси ва яна беш нафар талабаларга қайта имтиҳон топшириш имконияти берилишини сўраган. Қолаверса, ушбу масалада бир йил мобайнида кўплаб юқори турувчи ташкилотларига мурожаат қилгани, лекин ҳеч қандай натижа бўлмаганини ҳам маълум қилган.

Таъкидланишича, мурожаатчининг набираси пандемия шароитида назорат ишларини бажариб, уларни қишлоқдаги электр узилишлари сабаб мавжуд модул (масофадан ўқитиш курслари ўқув портали) тизимига юклашда қийинчиликларга дуч келган.

Бироқ, ўқитувчи талабаларга имкон бермасдан уларни оралиқ ва якуний назорат ишларини топширишга қўймаган ва академик қарздор қилган. Шундан сўнг, 2020 йилнинг декабрь ойида талабаларнинг ота-оналари тегишли вазирлик ва идораларга фарзандларига яна бир имкон берилишини сўраб мурожаат қилган.

Бундан норози бўлган университет ўқитувчиси эса талабаларнинг модул тизимида тўплаган балларини инобатга олмай, уларга паст баҳо қўйиб, курс ишидан йиқитган ва 6 нафар талабани 3 курсда қолдириб юборган.

«Ушбу мурожаат Омбудсман назоратига олингач Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2021 йил 19 февралдаги 92-сон буйруғига асосан имтиҳон олиш учун ҳолис ўқитувчилардан иборат ишчи гуруҳи тузилди, А.Рахмонов ва 5 нафар талаба ҳолисона имтиҳон топшириш имкониятига эга бўлишди», — дейилади хабарда.

Натижада талабаларнинг барчаси имтиҳонлардан ўтган ва 4 курсга тикланган.

Аввалроқ, Давлат жаҳон тиллари университети ҳамда унинг академик лицейи ўқитувчи ва талабалари орасида коронавирус билан касалланиш ҳолатлари аниқлангани сабабли масофавий таълим шаклига ўтгани ҳақида ёзган эдик.