Давлат хизматлари агентлиги 2020 йил давомида юридик ва жисмоний шахсларнинг ичимлик ва иссиқ сув тармоқларига уланиш, шунингдек, ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказишга оид хизматларни кўрсатиш жараёнини мониторинг қилди.

Натижада коммунал ташкилотлар томонидан 20 минга яқин қонунбузарлик, жумладан муддат бузилиши, рад этишнинг белгиланган тартибини бузишга йўл қўйилгани аниқланди, дея хабар бермоқда ДХА матбуот хизмати. Таъкидланишича, қонун бузилиши ҳолатларининг аксарияти Тошкент, Хоразм, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда.

«Биринчидан, соҳада мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини бузиш ҳолатлари тез-тез учраб, бунга коммунал ташкилот ходимларининг мурожаатларга бирламчи вазифа сифатида қарамаслиги, мурожаатларни ўз муддатида бажарилишига моддий-техник базанинг мустаҳкам эмаслиги ҳамда ходимларнинг етишмаслиги сабаб бўлиб келмоқда. Иккинчидан, айрим ходимларнинг бепарволиги, масъулиятсизлиги ва сусткашлиги натижасида фуқароларнинг мурожаатларига ўз вақтида ва белгиланган тартибда жавоб берилмаган», — дейилади агентлик хабарида.

Давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ҳамда муддатларини бузган шахсларга нисбатан — ижро қилиниши мажбурий бўлган 31 та тақдимнома ва 11 та огоҳнома киритилган. Шу билан бирга, 67 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар тузилган. Натижада, айбдорларнинг 67 нафари жаримага тортилган, яна 33 нафарига эса интизомий жазо чораси қўлланилган.

Агентликнинг қайд этишича, айрим коммунал ташкилотлар «қонунбузилишлар халқнинг тизимга бўлган ишончи йўқолишига сабаб бўлишини ҳалигача тушуниб етмаяпти».

ДХА мониторинги вақтида аниқланган қуйидаги қонунбузилишлар аниқланган:

  • Фуқаро Х.Ж. томонидан 2020 йил 8 январда ичимлик суви ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш юзасидан юборган аризаси «Ўзсувтаъминот» АЖ томонидан кўриб чиқиш учун салкам 10 ой кечикиб қабул қилинган ва ариза асоссиз равишда рад этилган.
  • Фуқаро А.Ш. томонидан 2020 йил 29 сентябрда ичимлик суви ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш юзасидан юборган аризаси бугунги кунга қадар кўриб чиқиш учун қабул қилинмаган.
  • Фуқаро О.Т. томонидан 2020 йил 25 майда иссиқ сув ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш юзасидан юборган аризаси «Тошиссиққуввати» ДУК томонидан 6 ойга яқин муддатга кечиктирилиб қабул қилинган ва рад этилган.

Давлат хизматлари агентлиги масъул ташкилотларни огоҳлантирди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 215−5-моддасига асосан давлат хизматларини кўрсатишга оид қонун ҳужжатларини бузган мансабдор шахслар ва хизматчилар БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, ҳудди шундай ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрорласа — БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жаримага тортилиши мумкин.