Давлат хизматлари агентлиги январь ойида Тошкент шаҳрида жойлашган туғруқхоналар томонидан тиббий маълумотларини ахборот тизимига киритиш ва ФҲДЁ бўлимларига юбориш ҳолати ўрганилди.

Агентлик матбуот хизмати хабарига кўра, бунинг натижасида жами туғилганлик ҳақидаги 703 та ҳамда перинатал ўлим бўйича 3 та маълумотнома тизимга киритилмагани аниқланган. Қолаверса, туғилганлик ҳақидаги 888 та маълумот белгиланган муддатдан кечикиб киритилгани қайд этилди.

«Бунинг оқибатида, аниқланган ҳолатлар юзасидан 14 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарима жазо чораси қўлланилди», — дейилади хабарда.

Ҳукуматнинг 2020 йил 10 ноябрдаги қарорига асосан 1 январдан Тошкент ва Нукус шаҳрида туғилганликни қайд этиш, яшаш манзили бўйича доимий рўйхатга қўйиш, бир марталик мукофот пулини ажратиш, поликлиникага жойлаштириш ва боғчага навбатга қўйиш тўлиқ автоматлаштирилган тарзда амалга оширилиши белгиланган.

Мазкур хизматлар кейинчалик, 2021 йил 1 февралдан бошлаб барча вилоятлар марказларида, 2021 йил 1 сентябрдан эса бутун республика ҳудудида кўрсатилиши кўзда тутилган.

Қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентга мувофиқ, тиббиёт муассасаси ходими бола туғилгандан сўнг 1 кун ичида бола ва ота-онаси ҳақидаги маълумотларни ахборот тизимига киритиши ҳамда маълумотларни автоматик тарзда «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимига юбориши ва QR-код қўйилган бланкда маълумотнома шакллантирилиши лозим.

Давлат хизматлари агентлигига эса ушбу жараёнларни назорат қилиш вазифаси юклатилган эди.

Айни шу мақсадда агентлик ходимлари январь ойида Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий маркази, Тошкент шаҳар перинатал маркази, 4-сон ва 5-сон шаҳар клиник шифохоналарининг туғруқ бўлимлари ҳамда 9 та шаҳар туғруқ комплексларининг тиббий маълумотларни ахборот тизимига киритиш ва ФҲДЁ бўлимларига юбориш ҳолатини ўрганди.

«Январь ойи давомида туғилганлик ҳақидаги 390 та, перинатал ўлим ҳақидаги 3 та маълумотлар ахборот тизимига киритилмаган бўлса, туғилганлик ҳақидаги 888 та маълумотлар белгиланган муддатдан кечиктирилиб киритилган. Мисол учун, Тошкент шаҳар 8-сон туғруқ комплекси томонидан 2021 йил 9 январда туғилган фуқаро Л.С.нинг боласи ҳақидаги маълумот 11 кундан кейин, яъни 21 январда ФҲДЁ бўлимига юборилган», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, муассасалар муддат ўтиб кетган бўлсада, айрим тиббий маълумотларни ахборот тизимига киритмагани аниқланган.

«Тошкент шаҳар 3-сон туғруқ комплекси томонидан туғилиши қайд этилган 313 нафар боланинг тиббий маълумотлари ахборот тизимига киритилмаган ва ФҲДЁ бўлимига юборилмаган», дея қайд этилган ўрганиш натижаларида.

ДХАнинг таъкидлашича, бу каби ҳолатлар «комплекс хизматларни кўрсатиш сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда».

Маълумот ўрнида, президентнинг 2018 йил 12 июндаги «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги [ПҚ-3785-сон] қарорига асосан 2019 йилдан бошлаб тиббиёт муассасалари ва ФҲДЁ органлари ўртасида туғилиш ва ўлим ҳақида электрон маълумот алмашиш тизими жорий этилган эди. Ҳукуматнинг 2020 йил 10 ноябрдаги қарорига асосан эса босқичма-босқич туғруқхоналар маълумотларни автоматик тарзда «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимига юбориши белгиланганди.