Тошкентда ички ишлар органлари ходимларининг формасини кийиб макулатура тўплаб юрган эркак ва аёл ушланди, дея хабар бермоқда ИИББ ахборот хизмати.

Унга кўра, 20 апрель куни соат 15:30 да 102 рақамига фуқаро Ш. А. қўнғироқ қилиб, ички ишлар органлари ходимларининг формасини кийиб олган эркак ва аёл макулатура тўплаб юрганлари ҳақида хабар берган.

Яккасарой тумани ИИО ФМБ ходимлари воқеа жойига етиб бориб, 45 ёшли У.Х ва муқаддам талончилик ва ўғрилик учун икки марта судланган 36 ёшли Н.С ни қўлга олган.

Маълум қилинишича, ходимларга қаршилик кўрсатмоқчи бўлган мазкур шахслар ҳақиқатдан ҳам ички ишлар органларининг хизмат кийимини кийиб олишган. Ҳуқуқбузарлар Яккасарой тумани ИИО ФМБ 2-сон Ички ишлар бўлимига олиб келиниб текширилганда уларнинг ёнида иккита пичоқ борлиги аниқланган.

Яккасарой тумани ИИО ФМБ У.Х ва Н.С ларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185−3-моддаси (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли сифатида муомалада бўлиши тақиқланган ашёларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши), 194-моддаси 1-қисми (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 209−1-моддаси (вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш) аломатлари билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Яккасарой тумани суди У.Х ва Н.С ларни қайд этилган ҳуқуқбузарликларни содир этишда айбдор деб топди ва уларнинг ҳар бирига 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.