Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда хизматлар соҳасини ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди. Давлат раҳбари турли ташкилотлар раҳбарлари орасидаги коррупция ҳолатлари масаласига ҳам тўхталди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

«Кўплаб жойларда раҳбарларимиз, вилоят, туман ҳокимлари, кўплаб ташкилот мутасадди раҳбарлари, йўл, сув, қурилиш, тиббиёт, мактабгача таълим соҳаларида тушунмаган раҳбарлар жуда катта коррупцияга берилиб кетган. Пешона теримиз билан мана шундай оғир, шиддатли, таҳликали замонда коронавирусга учраб, иқтисодиётимизни барқарор қилиш ва бир сўм пулни топиб, халқимизга етказиш бўйича жуда катта ҳаракатлар қилаяпмиз», деди у (видео).

Президент ушбу масалада «энди қонун устувор, жазо муқаррар» бўлишини таъкидлади.

«Халқимизнинг олдида узр сўраб, охирги марта сизларни [раҳбарларни] огоҳлантирмоқчиман… Мана, Самарқанд вилояти ҳокимининг ўзи гапириб берсин, пастки бўғинда, мактабгача таълим, тиббиётда қанча порахўрлар борлигини. Мана Андижонда вилоят ҳокимлигининг битта ноинсофи 128 минг доллар, 30 минг доллар олаяпти. Нима, Абдураҳмонов (Андижон вилояти ҳокими — таҳр.), хизматнинг раҳбари (вилоят ДХХ бошқармаси — таҳр.) билмайдими? Прокурори билмайдими? Абдураҳмонов сезмайдими атрофида ким юрганини? Битта одамни норози қилиб, 5 доллар олган бўлса ҳам президентнинг сиёсатига хиёнат дейилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ «Газета.uz» Андижон вилоятида ер ажратиш билан боғлиқ бир қанча фирибгарлик ҳолатлари ҳақида хабар берган эди. Андижон вилоятида мансабдор танишлари орқали 100 гектар ер ажратиб, ҳужжатларни тайёрлатиб бериш эвазига 128 минг доллар олган фуқаролар вақтида ашёвий далиллар билан ушланганди. Шунингдек, шаҳар ҳокимининг тегишли қарорини чиқартириб, саноат зонасидан 80 сотих ер майдони олиб беришни ваъда қилиб, 50 минг доллар талаб қилган фуқаро жиноят устида қўлга олинган эди.