ДХХ Андижон вилояти бошқармаси ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ер сотиш билан боғлиқ бир нечта фирибгарлик ҳолатларини аниқлади. Ушбу ҳолатлар ҳақида ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияси ходими 2 нафар шериги билан ўзаро тил бириктириб, маҳаллий фуқарога фермер хўжалиги ташкил қилиши учун Хўжаобод тумани ҳокимиятидаги мансабдор танишлари орқали 100 гектар ер ажратиб, тегишли ҳужжатларни тайёрлатиб бериш эвазига ундан 128 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Терговолди суриштирув ҳаракатлари давомида мазкур шахслар ўзларининг бу ёрдамлари учун аванс сифатида 7 минг доллар олганликлари аниқланди.

Шунингдек, олган пулларининг 70 минг долларини Андижон вилоят Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармасида ишловчи танишига беришлари кераклиги маълум бўлди ва тезкор тадбир давом эттирилиб, у ҳам пул олган вақтида ушланди.

Муқаддам Андижон шаҳар хокимлигида котибият мудири лавозимида ишлаган, бир неча бор судланган шахс маҳаллий фуқарога мансабдор танишлари орқали вилоят марказидаги Шимолий кичик саноат зонасидан 80 сотих ер майдони олиб бериш ва бу борада шаҳар ҳокимининг тегишли қарорини чиқартириб бериш эвазига 50 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 20 минг доллар олган вақтида ушланди.

Яна бир ҳолатда эса Улуғнор туманида яшовчи шахс ўзи раҳбарлик қилаётган фермер хўжалигининг сабзавотчиликка ихтисослашган ер майдонидан 6 гектарини туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали маҳаллий фуқаро номига ўтказиб бериш эвазига ундан 18 минг доллар талаб қилиб, сўралган пулни 189 млн сўм эквивалентида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Вилоят марказида фаолият юритувчи МЧЖ ишчиси маҳаллий фуқарога Андижон шаҳар Шимолий кичик саноат зонасидан 4 сотих ер майдонини 7500 АҚШ долларига олиб беришини айтиб, олдиндан 3400 доллар олади.

Кейинроқ эса Андижон шаҳар Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр бўлимида ишловчи танишлари орқали ушбу ер майдони бўйича шаҳар ҳокимининг тегишли қарорини чиқартириб беришини айтиб, қолган 4100 долларини олган вақтида ушланди.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.