18 апрель куни Наманган вилояти Поп туманида рўй берган ЙТҲ оқибатида бир киши вафот этди, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ ахборот хизмати.

Воқеа кечаси соат 03:30 ларда Тошкент-Ўш йўлида содир бўлган. Андижон вилоятида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро MAN автомашинасини Тошкент-Водий йўналиши бўйлаб бошқаруви пайтида пиёдани уриб юборган ва унинг ҳаётини хавф остида қолдириб, ҳодиса жойидан кетиб қолганлиги аниқланган.

Пиёда тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.

Ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига олиб келса) ва 117-моддаси 2-қисми (хавф остида қолдириш одам ўлимига олиб келса) билан жиноят иши қўзғатилди.