2020 йилнинг 9 июнида Хоразм вилояти Кўшкўпир туманида «самосуд» уюштирган тўрт нафар аёлга нисбатан суд жараёни якунига етиб, ҳукм ўқилди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Ўшанда тунги соат 22:40да Д.К., Д.О., Д.Р. ва Р.Н. «Оқдарбанд» қишлоғи ҳудудида жабрланувчини (О.Ҳ) Д.К нинг ўғлининг оиласини бузганликда айблаган эди.

Жумладан, улар Д.К.нинг ўғлининг уч нафар фарзанди етим қолаётганликда айблаб жанжаллашиб, О.Ҳ ни уриб дўппослаган. Жабрланувчи аёлнинг кийимларини йиртиб, қўлларидаги таёқ билан танасининг турли жойларига уриб, қайчи билан сочларини кесиб ташлаган.

Мазкур ҳолат Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б,г» бандлари (безорилик) билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир тумани судининг ҳукмига кўра, Д.К., Д.О., Р.Н.га 1 йил 6 (олти) ой ва Д.Р га 1 (бир) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бунда жабрланувчи О.Ҳ нинг уларга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги инобатга олинган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳолат акс этган видеоёзув ижтимоий тармоқларда тарқаб, жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган эди.