Ижтимоий тармоқларда Хоразмдаги «самосуд» сарлавҳаси остида тарқалган видеолавҳа юзасидан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, 9 июнь куни тахминан соат 22:40 да Қўшкўпир тумани Иттифоқ маҳалласида яшовчи 20 ёшли Ҳ.О., дугоналари Д.А., Л.М., М.М., Д.К., билан биргаликда яшаш уйига келаётганида, олдиларига 31 ёшли С.Д. бошқарувидаги Nexia автомашинаси келиб тўхтайди. Машинадан шу маҳаллада яшовчи К.Д., Р.Д, ва О.Д., тушиб, «Сен нима учун ўғлим ва келинимнинг турмушини бузиб, бузғунчилик қилиб юрибсан», деб ҳар хил сўзлар билан ҳақорат қилиб, тан жароҳати етказади. Ушбу ҳолатни шу ерда бўлган С.Д. ўзининг уяли телефон аппаратига видеотасвирга олиб туради.


Суд тиббий экспертизасида, Ҳ.О.нинг чап билак, чап-ўнг елка, болдир, чап сон ва кўкрак қафасини қонталашлари бўлиб, енгил тан жароҳати олгани маълум бўлди.

Тергов департаменти маълумотига кўра, Ҳ.О. шу маҳаллада яшовчи К.Д.нинг ўғли С.Д. билан 2016 йилдан буён яшаб келаётгани, ҳозирда бир нафар фарзанди борлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўшкўпир тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан К.Д., Р.Д., О.Д. ва Н.Р.,га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б, г» бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан, ўз мазмунига кўра умумэътироф этган ахлоқ қоидаларини намойишкорона менсимасликда ифодаланувчи ўтакетган беҳаёлик билан безорилик содир этилса) билан қўзғатилди.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.