Андижон шаҳри яқинида «Янги Андижон» турар жой массивини қуриш режалаштирилмоқда. Мазкур объектнинг бош режаси душанба куни президент Шавкат Мирзиёевга тақдимот қилинди.

«Андижон — мамлакатимизда аҳоли энг зич жойлашган шаҳарлардан. Шаҳарнинг ўзида ривожланиш учун бўш жой йўқ», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Умумий майдони қарийб 4 минг гектар бўлган янги шаҳарнинг бош режасига кўра, у 1439 гектар турли қурилмалар, яъни уй-жой, савдо масканлари ва кичик саноат зонаси, 1820 гектар яшил ҳудуд, 223 гектарлик хизмат кўрсатиш ҳудуди ва 499 гектар йўллардан иборат бўлади.

Энг муҳими, бу массив аҳоли уйлари бўлмаган, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган бўш майдонда барпо этилади. Турар жой массиви қурилиши натижасида 411 минг нафар аҳоли яшаши мумкин бўлган янги шаҳарча пайдо бўлади.

Президент лойиҳа билан танишиб, уй-жойларни пухта ва сифатли лойиҳалаштириш, уни амалга оширишда маҳаллий мутахассисларнинг салоҳиятидан унумли фойдаланиш, унда имкон қадар кўпроқ яшил ҳудудлар, боғ ва хиёбонлар ташкил этилишини, аҳолининг дам олиши ва меҳнат қилиши учун қулай шароитларни назарда тутиш бўйича топшириқлар берди.