Хоразм вилояти Шовот тумани «Катқалъа» маҳалласида яшаган 19 ёшли Мухлиса Қадамбоева 1 апрель куни тахминан 11:00да яшаш уйининг молхонасида осилган ҳолда топилган. Бу ҳақда «Газетаuz»га Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди. Прокуратуранинг аниқлик киритишича, ёш жувон ёғоч тўсинига оқ рангли шпагат ип билан ўзини ўзи осиб, ўз жонига қасд қилган.

Дастлабки эксперт маълумотига кўра марҳуманинг ўлимига ўзини ўзи осиши натижасидаги асфикция сабаб бўлган.

Марҳума 2020 йил октябрь ойида 20 ёшли М.Янгибоев билан турмуш қуриб, унинг оиласи билан «Катқалъа» маҳалласида истиқомат қилиб келган.

Ижтимоий тармоқларда хабар қилинишича, аёлнинг ўз жонига қасд қилишига эри, қайноғаси ва қайнотаси томонидан тазйиқ остига олиниши сабаб бўлган. Бунга Мухлиса Қадамбоеванинг сўроқсиз холасининг туғилган кунига боргани ва йўл учун қўшнисидан 5000 сўм қарз олгани сабаб бўлган.

Бош прокуратурадан «Газета.uz»га маълум қилинишича, терговга қадар текширув давомида мазкур маълумот ҳам текширилмоқда.

Прокуратуранинг дастлабки тўпланган ҳужжатларга таяниб қайд этишича, Мухлиса Қадамбоева ёки унинг оила аъзолари турмуши давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки маҳалла фуқаролар йиғинига шикоят қилишмаган.

Ўзбекистон президентининг қизи Саида Мирзиёева ўзининг Telegram каналида «аёлларга нисбатан зўравонлик мавзусидаги янгиликлар кейинги кунларда умидсизлик занжирига боғланиб кетаётгани»га эътибор қаратди.

«Бири ўғил фарзанд кўролмагани учун қизлари билан ўзини поезд тагига ташлади. Бошқаси калтакларга чидолмай, ўзини осди. Қўшниларидан йўлкирага беш минг олганига дўппослашибди. Норасида қизнинг номусига теккан кимса жазосиз қолди, оиланинг зўравонга кучи етмади. Бундай хабарларни эшитиб, одамнинг кўнгли бузилиб кетяпти. Бу ҳали дараги бизгача етиб келганлари. Яна қанчаси бости-бости бўлиб кетяпти экан?» — дея савол берди у.

Унинг фикрича, жазосизлик — сукут натижаси.

«Аёл киши уйидаги гапни ташқарига чиқариши, дарди, мусибати ҳақида бировларга гапириши қанчалик қийинлигини тушунаман. Кўпчилик хотин-қизлар буни ўзи учун шармандалик деб билади. Ана шу ўринсиз уятни енгиб, зўравонлик ҳақида очиқ сўзлай олаётганлар таҳсинга лойиқ. Сиз фақатгина ўзингизга эмас, балки кун сайин, йиллаб зулмга чидаб келаётган, жабрдийда бўла туриб, таъналар тагида қолишдан қўрққан, ҳатто энг яқинларига ҳам дардини айта олмаётган аёлларга ёрдам беряпсиз», — деб ёзди Саида Мирзиёева.

«Бировга зулм қилувчилар, мансабидан фойдаланиб, жиноятчиларни қўллаётганлар, телефон орқали иш битирадиганлар, одам танлаб, айримларни бошқалардан устун қўядиганлар шарманда бўлсин! Шулар таънага қолсин!» — деди у.

«Ёшгина келиннинг ҳаёти беш минг сўмга баҳоланибди. Битта қўнғироқ навниҳол қизнинг номусига тенглаштирилибди. Бир оғиз маломат она ва унинг қизалоқлари ҳаёт-мамотини ҳал қилибди. Жамиятимиз разолат ва сукут учун, „аёлнинг ўзи айбдор“ деган қараш учун жуда оғир бадал тўлаяпти», — дея таъкидлади Саида Мирзиёева.

Саида Мирзиёева аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликни ҳаққоний тергов қилиш масаласи бирламчи вазифалар қаторида бўлиши шартлигини таъкидлади.