Ижтимоий тармоқларда 1 апрель куни Тошкентда 41 ёшли фуқаро Юнусобод туман ИИБга келтирилганидан сўнг олган тан жароҳатлари туфайли вафот этганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ушбу хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, 1 апрель куни соат 21.00 ларда муқаддам тўрт маротаба судланган А.Б. ва яна икки нафар фуқаро: муқаддам судланган Л.Д. (1979 й.т.) ва Л.А.(1970й.т.) билан сўров олиб бориш учун Юнусобод тумани 3-сонли ИИБга келтирилган.

Маълум қилинишича, ўртача ҳисобда 45 дақиқа давом этган сўровдан сўнг улар қўйиб юборилган. 2 апрель куни эрталаб соат 4.00−4.30 дарда 30-уйнинг олдида Б.А. мурдаси топилган.

Ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Берилган бирламчи маълумотга кўра, марҳумнинг бир нечта касалликлари бўлган, хусусан, юрак ишемик касаллиги, гематоген сил, полиорган етишмовчилиги, икки томонолама ўпка плеврити, бош мия ва ўпка шиши, сурункали гепатит, гиёҳвандлик, алкоголдан заҳарланиш, дейилади бошқарма баёнотида.

Ҳолат юзасидан Юнусобод тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.