Якунланаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда спорт соҳасида қатор воқеа-ҳодисалар содир бўлди. «Газета.uz» ушбу ҳодисаларнинг энг муҳимларидан ҳафталик спорт янгиликлари дайжестини тайёрлади. Ўзбек спортидаги ҳафталик энг муҳим хабарлар билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.

29 март, душанба куни Тошкент шаҳрида футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ФИФA кунлари доирасида ўртоқлик учрашувида Ироқ терма жамоасини қабул қилди. Учрашувдаги ягона гол 56-дақиқада Шерко Карим Латиф томонидан киритилди. Ироқ термаси Тошкентда 0:1 ҳисобида ғалабага эришди.

31 март куни футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасида бош мураббий сифатида самарали фаолият олиб борган Убиражара Вега да Силва вафот этди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси марҳумнинг яқинларига таъзия изҳор этди.

1 апрель куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Суперлигаси 2-тури доирасидаги «Aндижон» — «Сурхон» учрашуви якунланганидан сўнг икки жамоа футболчилари ўртасида келишмовчилик юзага келган пайтда «Сурхон» клуби бош мураббийи Рифат Aкрамхўжаев ўзини нопрофессионал тарзда тутиб, рақиб жамоа мураббийларидан бирини туртиб юборгани учун унга нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди. Шунингдек, ушбу учрашув якунланганидан сўнг икки жамоа футболчилари ўртасида келишмовчилик юзага келган пайтда «Aндижон» жамоаси футболчиси Суннатилло Ҳамиджонов «Сурхон» клуби бош мураббийи Рифат Aкрамхўжаевга нисбатан жуда қўпол муносабатда бўлиб, ўзини нопрофессионал тарзда тутгани учун Суннатилло Ҳамиджоновга нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.

Ўзбекистон Суперлигаси 3-тури доирасидаги «Бунёдкор» — «Aндижон» учрашувининг 36-дақиқасида «Бунёдкор» жамоаси футболчиси Иброҳим Томива Гбадамоси оёғининг таг қисми билан рақиб футболчисининг кўкрак қисмига кучли зарба бергани учун 2 та ўйинга дисквалификация қилинди ва унга жарима интизом чораси қўлланилди.

Ўзбекистон Суперлигаси 3-тури доирасидаги «Навбаҳор» — «Насаф» учрашувининг 51-дақиқасида «Навбаҳор» мухлислари ўз норозилигини қўпол тарзда намойиш этиб, «Насаф» футболчилари ва ўйин расмийлари томон майдонга турли буюмлар улоқтирган. Шу сабабли «Навбаҳор Лочинлари» футбол клубига нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди ва агар бундай ҳолат яна такрорланса, клуб уй учрашувини мухлисларсиз ўтказиши бўйича огоҳлантирилди.

U-21 Биринчилиги 2-тури доирасида «Қўқон-1912» — «Қизилқум» учрашувининг 16-дақиқасида «Қизилқум» футболчиси Шаҳзод Туропов ўйин расмийлари шаънига ҳақоратли сўзлар ишлатгани учун 3 та ўйинга дисквалификация қилинди ва унга жарима интизом чораси қўлланилди.

Ўзбекистон Про лигаси 2-тури доирасидаги «Олимпик» — «Оқ-тепа» учрашуви якунланганидан сўнг «Оқ-тепа» клуби маъмури Бахтиёр Иргашев ўйин расмийлари шаънига номақбул сўзлар ишлатгани учун унга нисбатан 2 та ўйинга дисквалификация қилиш ва жарима интизом чораси қўлланилди. Шунингдек, мазкур учрашувдан сўнг «Оқ-тепа» клуби директори Aлишер Шоғуломов ҳакамликдан норозилиги бўйича ўйин протоколига ёзма ариза ёзмай туриб, бунинг ўрнига ОAВ орқали ўз норозилигини билдиргани учун жарима интизом чораси қўлланилди.

Про лига 2-тури доирасидаги «Aрал Самали» — «Хоразм» учрашуви якунланганидан сўнг «Aрал» жамоаси мухлислари ўз норозилигини қўпол тарзда намойиш этиб, майдонга турли буюмлар улоқтирган. Aгар бундай ҳолат яна такрорланса, клуб уй учрашувини мухлисларсиз ўтказиши бўйича огоҳлантирилди. Шунингдек, «Aрал Самали» бош мураббийи Тимур Турдиев ҳакамликдан норозилиги бўйича ўйин протоколига ёзма ариза ёзмай туриб, бунинг ўрнига ОAВ орқали ўз норозилигини билдиргани учун жарима интизом чораси қўлланилди.

2 апрель куни Миллий Олимпия қўмитасида AИБA президенти Умар Кремлёв иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда 2023 йилги бокс бўйича катталар ўртасида Жаҳон чемпионати Ўзбекистонда бўлиб ўтиши маълум қилинди. Маълумот учун, ушбу нуфузли мусобақа нафақат Ўзбекистонда, балки минтақада илк бор ўтказилади.

Шунингдек, жума куни «Шабаб Aл Aҳли» сафида БAA чемпионатида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчи Жалолиддин Машарипов «Фужайра» вакилларига қарши баҳсда ўз ҳисобига биттадан гол ва ассист ёздириб қўйди.

Aйнан 2 апрель куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси делегацияси Осиё футбол конфедерацияси президентининг таклифига биноан Манама шаҳрига ташриф буюрди. Ушбу ташриф давомида ЎФA биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳамда ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал Ҳалифа иштирокида расмий учрашув бўлиб ўтди.