ФИФA кунлари доирасида 26 ва 29 март кунлари Ўзбекистон миллий терма жамоаси Гана ҳамда Ироқ терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказди. Дастлабки ўйин, 26 март куни Наманган шаҳрида Гана термасига қарши кечди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувда дастлаб Отабек Шукурув ҳисобни очган бўлса, Иссаку Aбдул Фатаву 72-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Орадан 4 дақиқа ўтарт-ўтмас Жалолиддин Машарипов гол уриб, ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди.

Фото: ЎФА матбуот хизмати.

Фото: ЎФА матбуот хизмати.

Фото: ЎФА матбуот хизмати.

Мазкур баҳсдан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси устози Вадим Aбрамов ўз фикрларини билдириб ўтди. «Ўйин ҳақида нима дейиш мумкин? Биринчи навбатда мухлисларга миннатдорчилик билдираман. Бундай ажойиб муҳитда тўп тепиш доим ёқимли. Ўйин уларга манзур келган бўлса биз бундан хурсандмиз. Гана яхши жамоа эканлигини кўрдингиз. Ғалаба қозониш ва мухлислар ишончини олиш яхши», — дейди Вадим Карленович.

29 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон МТЖ Ироқ терма жамоасини қабул қилди. Учрашувдаги ягона гол 56-дақиқада Шерко Карим Латиф томонидан киритилди. Ироқ термаси Тошкентда 0:1 ҳисобида ғалабага эришди.

Фото: ЎФА матбуот хизмати.

Фото: ЎФА матбуот хизмати.

Фото: ЎФА матбуот хизмати.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Вадим Aбрамов баҳс ҳақида фикрларини билдириб ўтди.

«Аввало, мухлислардан узр сўрамоқчиман, ноқулай об-ҳавога қарамасдан, бугун бизни қўллаб-қувватлаш учун анча мухлис йиғилганди. Ўйин яхши бўлди, рақиб ҳам ёмон эмас. Ғалаба қозонганингда, муаммолар кўзга ташланмайди. Ютқазсанг, бундан фойдали жиҳатларини топиш мумкин. Ўйлайманки, жамоамиз ёмон эмас, олдимизда турган вазифани бажаришга интиламиз. Ўзимизни оқлашдек туюлади, аммо Ироқ 23 март куни Тошкентга келган. Биласиз, биз 26 мартда Наманганда ўйин ўтказдик. Бу ҳам таъсирини кўрсатди. Таркибни ўзгартиришимиз ва бошқаларни майдонга туширишимиз мумкин эди, бироқ кўплаб мухлислар келишини инобатга олиб, легионерлар хизматидан фойдаландик ва мана шундай таркибни майдонга туширдик», — деди Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи.