Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Россия ва Озарбайжон президентлари Владимир Путин ва Илҳом Алиев билан Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларнинг тўхтатилиши тўғрисида баёнот имзолаганини айтди. Шартнома имзоланганлиги ҳақидаги маълумотни Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков тасдиқлади.

«Sputnik Армения» томонидан нашр этилган хабар матнигакўра, минтақага Россиянинг тинчликпарвар кучлари олиб келинмоқда ва Арманистон «Агдам вилояти ва Озарбайжоннинг Газах вилоятида Арманистон томонидан ушлаб турилган ҳудудларни» 20 ноябргача Озарбайжонга қайтаришга мажбур.

Россия президенти Владимир Путин Россия тинчликпарвар кучлари Тоғли Қорабоғга олиб келинишини тасдиқлади.

Бундан ташқари, кўчирилган шахслар ва кочқинлар Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофидаги ҳудудларга БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги назорати остида қайтиб келмоқдалар. Ҳарбий асирларни, ҳибсга олинган шахсларни ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини ўзаро алмашиниши амалга оширилади.

Қўшма баёнот матнида таъкидланганидек, Россия Тоғли Қорабоғга 1960 нафар тинчликпарвар кучларни, 90 та зирҳли транспортёрларни, 380 та автомобиль ва махсус техникаларни юборади. Ҳарбийлар, агар Боку ва Ереван бунга қарши бўлмасалар, келгуси беш йилга автоматик равишда узайтирилиши билан 5 йил давомида Қорабоғда қолади. Шунингдек, у тинчликпарварлик миссияси Туркия билан биргаликда ўтказилишини айтди, дея унинг сўзларини келтиради Интерфакс.

Шартномадаги бандларга асосланиб, Ереван Озарбайжоннинг босиб олинган бир неча вилоятларини беришга ва қўшимча равишда Тоғли Қорабоғ республикасининг бир қисмини, шу жумладан унинг маданий пойтахти Шушини йўқотишга рози бўлди.

«Азиз фуқаролар, биродарлар ва опа-сингиллар шахсан мен учун ва барчамиз учун ниҳоятда оғир қарор қабул қилдим. Россия ва Озарбайжон президентлари билан биргаликда соат 01:00 дан бошлаб Қорабоғ урушини тугатиш тўғрисидаги баёнот имзоладим», — дея ёзган Пашинян ўзининг Facebook саҳифасида.

Арманистон бош вазири ушбу қарор «ҳарбий вазиятни чуқур таҳлил қилиш натижасида» қабул қилинганини таъкидлади. У бундай қадамни ҳозирги вазиятда энг яхшиси деб атади ва ҳарбий ҳаракатларнинг тўхтатилишини ғалаба ҳам, мағлубият ҳам эмаслигини айтиб ўтди.

«Биз мағлуб бўлганимизни ҳеч қачон тан олмаймиз ва бу бизнинг миллий бирлигимиз ва тикланишимизнинг бошланиши бўлиши керак. Мен барча қурбонларимиз олдида тиз чўкаман. Арцах арманлари. Биз охиргача курашдик ва биз ғалаба қозонамиз. Арцах турибди. Яшасин Арманистон, яшасин Арцах», — деб сўзларини якунлади Пашинян.

Норозилик намойишлари

Пашиняннинг баёнотидан кейин Ереванда норозилик акциялари бошланди. РБК хабарига кўра, ҳукумат биноси яқинидаги пойтахтнинг марказий майдонида бир неча юз кишидан иборат намойишчилар Тоғли Қорабоғдаги жанговар ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги битим имзоланганидан норозилигини билдириб, намойишга чиқишган. Намойишчилар Пашинян ва мамлакатнинг собиқ президентлари Роберт Кочарян ва Серж Саркисянга қарата «ченк талу» (бермаймиз) ва беҳаё сўзларни айтиб бақиришди. Маҳаллий вақт билан тунги соат 2:30 атрофида бир гуруҳ фуқаролар деразалар ва синган эшиклар орқали ҳукумат биносига бостириб кириб, мажлислар залини вайрон қилишди.

Никол Пашинян Facebookда жонли эфирга чиқиб, бошқа илож йўқлигини ва Озарбайжон билан тинчлик шартномасини имзолашнинг барча сабабларини ҳозирча ошкор эта олмаслигини айтди. Шунингдек, у Еревандаги тартибсизликлар иштирокчиларини жавобгарликка тортишга ваъда берди.


Никол Пашинян / Facebook.

Ҳарбий ҳаркатларни тўхтатиш тўғрисидаги келишув тарихий ва узоқ муддатли тинчликка олиб келади, дея таъкидлади Озарбайжон президенти Илҳом Алиев.

«Айтишим керакки, биз кўриб турган можарони ҳарбий-сиёсий тартибга солиш, узоқ муддатли тинчликка, минтақамиздаги келишувга, қарама-қаршилик ва қон тўкилишига барҳам беришига ишончим комил», — Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни имзолаш маросимида Алиев Путинга шундай деди.

Тоғли Қорабоғдаги вазият 27 сентябр куни кескинлашганлиги ҳақида хабар берган эдик. Арманистон ва Озарбайжон жанговар ҳаракатларда бир-бирларини айблаб келишган эди. Россия, АҚШ ва Франция раҳбарлари қарама-қарши томонларни тўқнашувларни тўхтатишга ва олдиндан шартларсиз музокараларни бошлашга чақиришган.
Вазият Анқаранинг Бокуни фаол қўллаб-қувватлаши билан мураккаблашган эди.