Чоршанба куни Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги 28 март куни Тошкент марказида бўлиб ўтган тартибсизликлар ва шу билан боғлиқ воқеалар ҳамда чиқишлар юзасидан баёнот берди.

«Сўнгги кунларда интернет тармоғидаги ахборот майдонида аҳолисининг қарийб 94 фоизи мусулмон бўлган Ўзбекистонда ЛГБТ ғояларини тарғиб қилаётган Миразиз Базаровнинг ноқонуний чақирувлари оқибатида жамоатчилик, хусусан бошқа блогер ва интернет фойдаланувчилари томонидан кескин эътирозлар, таҳдидлар юзага келмоқда», — дейилади баёнотда.

Якшанба кунги воқеалардан олдин (шу куни пойтахт марказида ЛГБТга қарши рухсатсиз акция бўлиб ўтди, унда бир неча кишини калтаклашга уринишлар бўлган, шунингдек Миразиз Бозоров қаттиқ калтакланди) АОКА бундай воқеаларнинг олдини олиш мақсадида чоралар кўрганлигини маълум қилди.

«Агентлик мазкур ҳолатларни аввалдан тартибга солиш мақсадида Facebook ва Telegram ахборот ресурсларида 200 дан зиёд ўлдириш, зўравонлик ишлатиш таҳдидлари ёзилган постлар ҳамда изоҳлар мавжуд бўлган 54 та веб-сайтлар, веб-саҳифалар маъмурлари, блогерларга ЛГБТ ва бошқа шу каби номақбул оқимлар фаолиятини билиб-билмасдан тарғиб қилиш, ноқонуний кўча юришларига чорлашни тўхтатиш бўйича расмий хабарномалар юборди», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, М.Базаровнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқий баҳо берувчи Ахборот ва коммуникациялар соҳасидаги эксперт комиссиясининг алоҳида хулосаси тайёрланди, деб хабар бермоқда АОКА.

Шунингдек, «жамият ҳамда интернет фаоллари, айрим блогер ва журналистларнинг ҳолат юзасидан билдирган позициялари бўйича хулосалар шакллантирилади».

Мазкур хулосалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қонунчиликка зид ҳолатларни бартараф этиш юзасидан чоралар қўллашда фойдаланиш учун юборилади, дейди АОКА.

«Агентлик барча блогерлар ва ижтимоий тармоқлар фаолларидан жамият орасида адоват қўзғатувчи, турли хил нопок ғояларни илгари сурадиган материал ва постларни тарқатишдан тийилишни сўрайди», — дейилади баёнотда.

«Интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда фуқаролар орасига низо солиш, зўравонликка чақириш, ғазабга келтириш ва тартибсизликларни уюштириш билан шуғулланиб, ғайриқонуний ҳаракатларни содир этганлар белгиланган тартибда жазога тортилади», — дейилади АОКА хабарида.