Президент Шавкат Мирзиёев 25 февралдаги қарори билан Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида меҳнат фаолияти ва Қозоғистонда Ўзбекистон фуқароси бўлган меҳнат муҳожирлари ва Ўзбекистонда Қозоғистон фуқароси бўлган меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни тасдиқлади.

Ҳужжат 2019 йил 15 апрелда Тошкент шаҳрида имзоланган. Унинг кучга кириш санаси 2020 йил 22 майда кўрсатилган. Қозоғистон президенти шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни 2020 йил 26 мартда имзолади.

Norma.uz аниқлик киритишича, битим миграция оқимларини тартибга солиш ва икки мамлакат ҳудудида ноқонуний меҳнат фаолиятининг олдини олиш учун мўлжалланган.

Ҳужжатда меҳнат мигранти деганда 18 ёшга тўлган, иккинчи давлат ҳудудида қонуний равишда яшайдиган ва у ерда қонуний равишда пуллик меҳнат фаолияти билан шуғулланадиган шахс тушунилади.

Битимга асосан, меҳнат мигрантлари қабул қилувчи мамлакат қонунчилиги ва меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ дам олиш, атрофдагилар учун хавф туғдирадиган ўткир касалликлар бўйича кафолатланган бепул тиббий ёрдам олиш, қабул қиладиган мамлакатнинг ваколатли органлари томонидан ҳудудда бўлиш шартлари ва тартиблари, меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳамда бошқалар тўғрисида маълумот олиш ҳуқуқига эга.

Ҳужжат меҳнат мигрантларининг иш ҳақини тўлаш ва уларнинг даромадларидан солиқ тўлаш, пенсия ва ижтимоий таъминот, ўлим ёки шикастланиш ҳолатларида тўловлар ва компенсациялар, шунингдек меҳнат мажбуриятларини бажариш билан боҳлик жароҳат, касб касаллиги ёки бошқа соғлиққа етказилган зарарни қоплаш масалаларини тартибга солади.

Шартнома шунингдек, таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартибини белгилайди.

Қабул қилувчи мамлакат ҳудудида меҳнат мигрантлари томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ўқув ҳужжатлар тан олиш жараёнларисиз тан олинади.

Шу билан бирга, тегишли таълим олган, педагогик, тиббиёт ёки фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган меҳнат мигрантлари қабул қилувчи давлат қонунчилигида белгиланган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартибидан ўтадилар. Улар ушбу фаолиятга қабул қилувчи давлат қонунчилигида белгиланган тартибда қабул қилинади.

Битим бошқа жиҳатларни ҳам тартибга солади.