Шахсни ушлаш жараёни қандай ўтиши керак? Ушлаб турилган шахснинг қандай ҳуқуқлари бор? Унга нисбатан жисмоний куч қўлланилиши мумкинми? Шахс қанча муддатга ушлаб турилиши мумкин? Ўз ҳақ-ҳуқуқларини билиш уларнинг бузилишидан сақланишга ёрдам беради.

Дастлаб, ушлаб туриш нима эканлигига аниқлик киритамиз. Ушлаб туриш маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноий фаолият билан шуғулланишга барҳам бериш мақсадида қўлланилади. Шунга кўра, ушлаб туришнинг икки тури мавжуд: маъмурий ушлаб туриш ва жиноят содир этганликда гумон қилиниб ушлаб туриш.

Бундан ташқари, ИИО ходимлари шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган кишининг шахсини аниқлаш мақсадида ички ишлар органларига боришини сўрашлари мумкин.

Ҳуқуқий терминологияни тушуниш қийин бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, биз профессионал ҳуқуқшунос Xushnudbek & Partners юридик фирмасининг ҳамкори Диёрбек Кимсановдан ушлаб туриш жараёнида ҳуқуқлар бузилишининг олдини олиш тўғрисида сўзлаб беришни сўрадик.

Шахсни ушлаб туриш жараёнининг қонуний асослари ва ҳуқуқий нормалари тўғрисида батафсилроқ маълумот «Маъмурий йўл билан ушлаб туриш» ва «Жиноят содир этишда гумон қилинувчи шахсни ушлаб туриш» бўлимларида келтирилган.

Ушлаб туриш жараёни тўғрисида нималарни билиш лозим?

Диёрбек Кимсанов оддий одам учун процессуал қонунчиликни тушуниш ҳақиқатан ҳам қийинлигини тан олади.

Истисносиз барча ҳолатларда биринчи қоида, бу — қонун талабларига риоя қилишдир. Қаршилик кўрсатмаслик лозим, аммо шу билан бирга, масалани «норасмий» йўл билан ечиш бўйича таклифлар каби эҳтимолий провокацияларга тушиб қолмаслик керак.

Мансабдор шахсдан ҳужжатларни тақдим этишини сўранг, исмини, фамилиясини ва лавозимини (ҳужжат рақами, нишони) ёзиб олинг ёки эслаб қолишга ҳаракат қилинг. Одатда ҳужжатлар ва нишонларни суратга олишга рухсат берилмайди. Тўғридан-тўғри савол билан аниқлик киритинг: сизни ушлашдими ва ушлаб туриш (тўхтатиш, мурожаат қилиш, тинтув қилиш ва ҳ.к.) учун қандай асослар мавжуд. Агар ушлаб туриш тасдиқланса, ҳуқуқбузарлик, ушлаб туриш, кўздан кечириш ва ҳ.к.лар ҳақида баённомаларни тузиш жараёнида адвокатнинг иштирокини талаб қилиш лозим.

Агар ушлаб туриш маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш учун амалга оширилаётган бўлса, баённомани нима учун жойида тузишнинг иложи йўқлиги сабабига ойдинлик киритишни сўраш мумкин.

Амалиёт шуни кўрсатадики, ушлаб туриш ёки ИИОга олиб бориш асосларини муҳокама қилиш баъзи ҳолларда фойдасиз бўлиши мумкин. Қонунда белгиланган ушлаб туриш муддати тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга чақиртирилган пайтдан бошлаб ҳисоблаб чиқилишини инобатга олсак, бундай тортишув асоссиз кечиктиришга олиб келади. Яхшиси қариндошларингизга хабар беришни илтимос қилинг ёки уларга ўзингиз қўнғироқ қилинг, қаерга олиб борилаётганингизни айтинг ва адвокат ёллашни сўранг.

Агар сиз аниқ бир қонунбузарлик содир этганликда гумон қилинаётган бўлсангиз, сабр қилинг ва сукут сақланг, мансабдор шахсларга тушунтиришлар берманг ёки адвокатингиз келгунига қадар ҳужжатларни имзоламанг. Сиз ўзингизга қарши гувоҳлик беришга мажбур эмассиз.

Қонунда бериладиган кўрсатмаларнинг ҳажми ва муддатида чекловлар йўқлиги боис сиз барча мавжуд далиллардан фойдаланиб, вазиятни батафсил тавсифлашингиз мумкин. Бундан ташқари, қонун сизнинг яқинларингиз ёки сизга ҳамроҳ бўлган бошқа одамларнинг сизнинг фойдангизга гувоҳлик беришини чекламайди. Шундай қилиб, сиз уларни гувоҳлик баённомасини тўлдиришга жалб қилишингиз мумкин.

Сиз ўз она тилингизда гувоҳлик ва тушунтириш бериш ҳуқуқига эгасиз, шунингдек, таржимоннинг ёрдамидан бепул фойдаланишингиз мумкин (ва ҳатто керак бўлса, уни рад қилишингиз мумкин). Сиз гапирадиган тилда барча оғзаки ва ёзма гувоҳликлар берилиши, ҳужжатлар шу тилда расмийлаштирилиши ёки ташқи манбадаги таржимон томонидан таржима қилиниши лозим. Сиз, шунингдек, лотин (ёки кирилл) ёзувида матнни ўқий олмаслигингизни ҳам кўрсатишингиз мумкин.

Тушунтиришлар бериш ва баённомани тўлдириш — сизнинг ҳуқуқингиздир. Сиз ҳар қандай тушунтириш беришдан бош тортиш ҳуқуқига эгасиз. Шунга қарамай, баённомани имзолаш тавсия этилади, чунки мансабдор шахс сизнинг рад этишингизни кўрсатган ҳолда холислар билан баённомани расмийлаштириши мумкин. Агар сиз баённомани тўлдирмаган бўлсангиз ёки бўш жой қолдирган бўлсангиз, бўшлиқни чизиқ (Z) билан тўлдиринг.

Албатта, баённомада ушланиш вақтини кўрсатинг ва адвокат иштирокида ишни кўриб чиқиш тўғрисида расмий илтимоснома беринг. Бирор нимани имзолашдан олдин, ҳужжатнинг мазмуни билан танишиб чиқинг ва сизга ҳуқуқ ва мажбуриятлар тушунтирилмаган бўлса, шунингдек, норозиликларни кўрсатинг. Шундай қилиб, сиз мансабдор шахсни маъмурий иш бўйича қарор қабул қилишига тўсқинлик қилиб, барча ҳужжатларни судга топширишга мажбур қиласиз, чунки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-моддасига мувофиқ, ҳуқуқбузар ҳуқуқбузарлик фактини инкор этган ишлар тўғридан-тўғри суд томонидан кўриб чиқилади.

Баённома нусхасини олиш ҳуқуқи (ҳозирча) қонунчиликда кўзда тутилмаган, аммо бу ҳужжатни камерага расмга олишга тўсқинлик қилмайди.

Имкон борича қонунда ёки ушлаб туришни амалга оширувчи органнинг маҳаллий ҳаракатларида ёки бошқа процессуал ҳаракатларда аниқ тақиқланмагунга қадар жараённи диктофонга ёки мобил телефонингиз камерасига ёзиб боринг. Агар бунга тўсқинлик қилинса, бу ҳақда баённомада қайд этинг.

Ҳар доим ўз адвокатингизни жалб қилинг. Давлат томонидан тақдим этилган адвокат хизматидан воз кечишга ҳаққингиз бор (қонунда мансабдор шахсдан адвокат иштирок этиши талаб қилинадиган ҳолатлар кўзда тутилган) ёки ундан бошқа адвокатни ёллаш учун илтимосингизни қариндошларга етказишни сўранг.

Шунингдек, сизнинг яшаш жойингиздан келиб чиқиб, ишни кўриб чиқиш учун расмий илтимоснома бериш мумкин. Ҳуқуқбузарликларнинг айрим турлари, масалан, транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш жойида ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

Агар сиз мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлсангиз ёки у ўз ваколатларини суиистеъмол қилмоқда деб тахмин қилиш учун асослар бўлса, шу жойнинг ўзида унинг ҳаракатларидан норозилигингизни маълум ишонч телефонлари (102, 1007, 1000 ва бошқалар)га қўнғироқ қилиб, билдиришингиз мумкин. Шунингдек, сиз ҳозирча ушлаб турилмаганингиз ва ҳуқуқларингиз чекланмаганлиги боис ўзингиз билган ҳуқуқшуносга қўнғироқ қилишингиз ва у билан маслаҳатлашишингиз мумкин.

Маъмурий йўл билан ушлаб туриш

МЖтКнинг 285-моддасига биноан маъмурий йўл билан ушлаб туриш қуйидаги ҳолларда қўлланилади:

  • бошқа таъсир кўрсатиш чоралари қўлланиб бўлинганидан кейин маъмурий ҳуқуқбузарликни тўхтатиш мақсадида;
  • шахсни аниқлаш учун;
  • башарти баённома тузиш зарур бўлиб, уни ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида тузиш имкони бўлмаган тақдирда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш учун;
  • ишларнинг ўз вақтида ва тўғри кўриб чиқилишини таъминлаш ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар юзасидан чиқарилган қарорларни ижро этиш мақсадида.

Шахсни қанча муддат ушлаб туриш мумкин?

МЖтКнинг 288-моддасига биноан, маъмурий йўл билан ушлаб туриш уч соатдан ортиқ давом этиши мумкин эмас, алоҳида зарурат муносабати билан қонун ҳужжатларида бошқача муддатларнинг белгиланиши бундан мустасно. Агар шахс ўзининг шахси тўғрисидаги маълумотларни яширса ёки МЖтКнинг 288-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликлардан бирини содир этган бўлса, у ҳолда 24 соатдан кўп бўлмаган муддатга ушлаб турилиши мумкин.

Маъмурий йўл билан ушлаб туриш муддати ҳуқуқбузарни баённома тузиш учун олиб келиш пайтидан бошланади, маст ҳолдаги шахслар учун эса — улар ҳушёр тортган вақтдан бошланади.

Маъмурий ушлаб туриш ким томонидан амалга оширилиши мумкин?

МЖтКнинг 287-моддасига биноан, агар камида битта асос бўлса, маъмурий йўл билан ушлаб туриш:

  • ички ишлар органлари ходимлари томонидан;
  • чегара қўшинлари томонидан;
  • қўриқланадиган объект жойлашган ердаги ҳарбий соқчиликнинг катта мансабдор шахси томонидан;
  • ҳарбий автомобиль инспекциясининг мансабдор шахслари томонидан;
  • Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органларининг мансабдор шахслари томонидан;
  • божхона органлари ходимлари томонидан;
  • ҳарбий патруль томонидан;
  • давлат солиқ органларининг, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг жойлардаги бўлинмаларининг мансабдор шахслари томонидан;
  • Миллий гвардия органларининг мансабдор шахслари томонидан амалга оширилиши мумкин.

Шахс тегишли орган томонидан қайси маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганида ушлаб турилиши мумкинлиги билан МЖтКнинг 287-моддасида танишиш мумкин.

Ушлаш жараёнида кўрикдан ўтказиш тартиби

Маъмурий йўл билан ушлаб туришда МЖтКнинг 289-моддасига биноан шахсни кўрикдан ўтказиш ва ашёларни кўздан кечириш мумкин.

Шахсни кўрикдан ўтказиш ички ишлар органларининг, ҳарбий соқчилик, ҳаво транспортининг, божхона органлари, Миллий гвардия органлари ва чегара қўшинларининг ваколатли шахслари, шунингдек, шунга ваколати бўлган бошқа органлар томонидан амалга оширилиши мумкин.

Шахсни кўрикдан ўтказиш кўрикдан ўтказилаётган шахс билан бир жинсда бўлган шахслар томонидан ва шу жинсдаги иккита холис гувоҳ иштирок этган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Ашёларни кўздан кечириб чиқиш шунга ваколати бўлган мансабдор шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин:

  • ички ишлар органлари;
  • ҳарбий соқчилик;
  • ҳаво транспорти;
  • божхона органлари;
  • Миллий гвардия органлари;
  • чегара қўшинлари;
  • солиқ органлари;
  • Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг жойлардаги бўлинмалари;
  • Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари;
  • қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатли шахслар.

Ашёларни, ов қилиш ва балиқ тутиш қуролларини, қўлга киритилган маҳсулотлар ва бошқа буюмларни кўздан кечириш, одатда, шу ашё ва буюмлар кимнинг мулки ёки эгалигида бўлса, ўша шахс иштирокида амалга оширилади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда, мазкур ашёлар, буюмларни мулкдорсиз (эгасисиз) иккита холис гувоҳ иштирокида ҳам кўздан кечириб чиқилиши мумкин.

Ушлаш жараёнида ашёлар ва ҳужжатларни олиб қўйиш тартиби

Ҳуқуқбузарларни ушлаш, шахсий кўрикдан ўтказиш ёки ашёларини кўздан кечириш вақтида аниқланган ҳуқуқбузарлик содир этиш қуроли ёки бевосита шундай ашёлар бўлмиш ашё ва ҳужжатлар МЖтКнинг 287 ва 289-моддаларида назарда тутилган органларнинг мансабдор шахслари томонидан олиб қўйилади.

Олиб қўйилган ашё ва ҳужжатлар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилгунга қадар шундай ашё ва ҳужжатларни олиб қўйиш ҳуқуқи берилган органлар (мансабдор шахслар) томонидан белгилаб бериладиган жойларда сақланади, иш кўриб бўлинганидан кейин эса, уни кўриб чиқиш натижаларига қараб, бу ашё ва ҳужжатлар белгиланган тартибда мусодара қилинади ёки эгасига қайтариб берилади ёхуд йўқ қилиб юборилади, ашёлар ҳақ тўлаб олиб қўйилган тақдирда эса — сотиб юборилади.

Олиб қўйилган орден, медаль, фахрий унвоннинг кўкракка тақиладиган нишони қонуний эгасига қайтариб берилади, башарти, эгаси номаълум бўлса, унда тегишли органга жўнатилади.

Ашё ва ҳужжатлар олиб қўйилган тақдирда бу хусусда баённома тузилади ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага ёхуд буюмларни кўздан кечириб чиқиш ёки маъмурий йўл билан ушлаб туриш ҳақидаги баённомаларга тегишли ёзув ёзиб қўйилади.

Ушлаб турилган шахс қандай ҳуқуқларга эга?

МЖтКнинг 286-моддасига биноан, ушлаб турилган шахснинг илтимосига кўра, у ушлаб турилган жой ҳақида унинг қариндош-уруғлари, адвокат, иш ёки ўқиш жойидаги маъмурият хабардор қилиб қўйилиши мумкин.

Вояга етмаган шахс ушлаб турилгани ҳақида унинг ота-онаси ёки улар ўрнини босувчи шахслар албатта хабардор қилинади.

Ушлаб турилган шахс ушлаб туриш тўғрисидаги баённомани имзолашдан бош тортиши мумкин.

МжтКнинг 273-моддасига биноан, агар ушлаб турилган шахс иш кўриб чиқилаётган тилни билмаса, таржимон орқали иш материаллари билан тўлиқ танишиш ва ишни моҳияти бўйича кўриб чиқиш чоғида қатнашиш ҳуқуқи, шунингдек ўз она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.

Ушлаб туриш баённомасини тузиш

МЖтКнинг 286-моддасида: «Маъмурий йўл билан ушлаб туриш тўғрисида баённома тузилиб, унда: баённома тузилган сана ва жой, баённома тузган шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми; ушлаб турилган шахс ҳақидаги маълумотлар; уни ушлаб туриш вақти, жойи ва унинг асослари кўрсатилади» дейилган.

Баённома уни тузган мансабдор шахс ва ушлаб турилган шахс томонидан имзоланади. Ушлаб турилган шахс баённомани имзолашдан бош тортган тақдирда, баённомага шу ҳақда ёзиб қўйилади.

Ушланган шахс ушлаб туриш бўйича талабларга риоя қилмаса нима бўлади?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддасига биноан, агар шахс ички ишлар органлари ходимининг ҳуқуқбузарликларни тўхтатиш, ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш, ички ишлар органларига бориш ёки кўрсатилган муддатда ички ишлар органларида бўлиш тўғрисидаги қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаса, базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМнинг) ½ қисмидан икки бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида бир шахс томонидан такрор содир этилса, БҲМнинг икки бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Жиноят содир этишда гумон қилинувчи шахсни ушлаб туриш

Жиноят-процессуал кодексининг (ЖПК) 220-моддасига биноан, қисқа муддатга озодликдан маҳрум қилиш жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсга нисбатан қўлланилади. Гумон қилинаётган шахс унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида ушлаб турилади.

Агар ЖПКнинг 221-моддасида кўрсатилган қуйидаги асослардан камида биттаси бўлса, шахс жиноятда гумон қилинувчи сифатида ушлаб турилиши мумкин:

  • агар у жиноят устида ёки бевосита уни содир этганидан кейин қўлга тушса;
  • агар жиноят шоҳидлари, шу жумладан жабрланувчилар уни жиноят содир этган шахс тариқасида тўғридан-тўғри кўрсатсалар;
  • агар унинг ўзида ёки кийимида, ёнида ёки уйида содир этилган жиноятнинг яққол излари топилса;
  • шахсни жиноят содир этишда гумон қилиш учун асос бўладиган маълумотлар мавжуд бўлиб, у қочмоқчи бўлса ёки доимий яшайдиган жойи йўқ ёхуд шахси аниқланмаган бўлса.

«Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонуннинг 18-моддасига биноан Ички ишлар органлари ходимлари қуйидаги шахсларни ушлаш ҳуқуқига эга:

  • ЖПКда назарда тутилган тартибда жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни;
  • суд ажримига асосан кейинчалик аниқ яшаш жойига эга бўлмаганларни реабилитация қилиш марказларига жойлаштирган ҳолда аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни;
  • фавқулодда ҳолат ёки фавқулодда вазият режимини бузган шахсларни;
  • умумий ҳарбий мажбуриятни ўташдан бўйин товлаётган шахсларни;
  • қўриқланадиган объектларга ғайриқонуний равишда кирган ёки киришга уринган шахсларни;
  • ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахсларни;
  • қидирувдаги шахсларни;
  • ўзига нисбатан ушлаб бериш тўғрисида сўров келиб тушган шахсларни;
  • маъмурий қамоқ жазосини ўташдан, маъмурий тарзда чиқариб юборилишдан бўйин товлаётган шахсларни, шунингдек ўзига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги иш юритилаётган шахсларни;
  • жиноий жазони ўташдан, шунингдек ўзига нисбатан суд томонидан тайинланган тиббий ва бошқа йўсиндаги мажбурлов чораларини бажаришдан бўйин товлаётган шахсларни;
  • ўзини ўзи ўлдиришга уринган ёхуд руҳий ҳолатининг яққол ифодаланган бузилиши белгиларига эга бўлган ҳамда ўз ҳаракатлари билан ўзи ва атрофдагилар учун хавф туғдираётган шахсларни.

Шу билан бирга, депутатлар, Олий Мажлис Сенати аъзолари, омбудсман ва бизнес-омбудсман, судьялар ва прокурорлар ушлаб турилиши мумкин эмас, чунки улар ЖПКнинг 223-моддасига биноан ушлаш чоғида иммунитет ҳуқуқига эга. Ушбу шахслар жиноят устида ёки бевосита уни содир этганидан кейин қўлга тушган ҳолатлар бундан истисно.

«Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонуннинг 18-моддасига кўра, ички ишлар органлари ходимлари томонидан вояга етмаган шахс ушлаб турилган бўлса, унинг яқин қариндошларига ёки бошқа қонуний вакилларига дарҳол хабар берилиши керак.

Шахс қанча муддатга ушлаб турилиши мумкин?

ЖПКнинг 226-моддасида кўрсатилганидек, жиноят содир этишда гумон қилинган шахсни ушлаб туриш муддати гумон қилинувчи ИИОга ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига олиб борилган пайтдан бошлаб 48 соатдан ошмаслиги керак.

Суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан зарур ва етарли асослар тақдим этилса, ушлаб туриш суднинг қарори билан қўшимча равишда қирқ саккиз соатга узайтирилиши мумкин.

Ушлаб туриш муддати тугашидан олдин, агар асослар бўлса, ушлаб турилган шахсни ишда айбланувчи сифатида иштирок этиш учун олиб келиш, унга айблов қўйилиши керак, у сўроқ қилиниши керак (ЖПКнинг 109−112-моддаси) ва жазо чораси борасида қарор берилиши лозим (ЖПКнинг 236−240-моддалари).

Истисно ҳолатларда суд ушлаб турилган гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш, уй қамоғида сақлаш ёки гаров пули тарзидаги жазо чораларини қўллаши мумкин. Бунда, гумон қилинувчига ушланган кундан бошлаб 10 кун ичида айблов қўйилиши керак.

Акс ҳолда, жазо чораси бекор қилинади ва шахс қамоқдан ёки уй қамоғидан озод қилинади ва гаров пули гаров тўловчига қайтарилади. Жиноят иши қўзғатилгандан сўнг ва қамоққа олишнинг бутун муддати давомида иш олиб борувчи суриштирувчи ва терговчи ўз ваколатлари доирасида жиноят содир этиш ҳолатларини аниқлаш, ҳибсга олиш асосини текшириш учун тергов ҳаракатларини амалга ошириши мумкин.

Шахсни ушлаш жараёнини амалга оширишга ким ҳақли?

ЖПКнинг 222-моддасига биноан жиноятни содир этишда гумон қилинганларни ушлаш ички ишлар органлари ходимлари ва терговга қадар қадар текширувни, суриштирувни ёки дастлабки терговни амалга оширувчи бошқа органнинг ходими томонидан амалга оширилиши мумкин.

ЖПКнинг38 ва 39−1-моддаларига мувофиқ, уларга қуйидагилар киради:

Бундан ташқари, ЖПКнинг 222-моддаси қоидаларига мувофиқ, жиноят содир этишда гумон қилинган шахс асослар мавжуд бўлган тақдирда муомалага лаёқатли ҳар қандай шахс томонидан ушланиб ва яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб келиниши мумкин.

Фуқаролик кодексининг 22-моддасига биноан, Фуқаронинг ўз ҳаракатлари билан фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик бурчларини вужудга келтириш ва уларни бажариш лаёқати (муомала лаёқати) у вояга етгач, яъни ўн саккиз ёшга тўлгач тўла ҳажмда вужудга келади. Агар шахс вояга етгунга қадар қонуний асосда никоҳдан ўтса, никоҳдан ўтган вақтдан эътиборан тўла ҳажмда муомала лаёқатига эга бўлади.

Шахсни ушлаш ва шахсий тинтув ўтказиш тартиби

ЖПКнинг 224-моддасига кўрсатилганидек, шахсни ушлаётган ваколатли ходим ўзини таништириши (лавозими, унвони ва исми-шарифини) шарт ва ушлаб турилган шахснинг талабига кўра шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши шарт.

Сўнг ходим гумон қилинувчига ушланиш сабабини айтиши керак. Кейин унинг ҳуқуқлари борасида тушунтириш беради (ушланган шахс қандай ҳуқуқларга эгалигини қуйида кўриш мумкин).

Кейин ушлаб турилган шахсдан яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга бирга боришини талаб қилиниши шарт.

ЖПКнинг 224-моддасига биноан, ушлаётган ваколатли шахс шахсий тинтув ёки олиб қўйишни амалга оширишга ҳақлидир. Бунинг учун унда гумонланувчида қурол борлиги ёки у жиноят содир этганлигини фош қилувчи далиллардан қутулиш ниятида эканлигини тахмин қилишга етарли асослар мавжуд бўлиши керак. Шахсий тинтув ўтказиш ёки олиб қўйиш тўғрисидаги баённома ушланган шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилганидан сўнг холислар ҳозирлигида тузилиши мумкин.

Маълумот учун, олиб қўйиш — бу жиноий иш учун аҳамиятли бўлган предмет ва ҳужжатларни олишдир.

ЖПКнинг 162-моддасига биноан, шахсий тинтув ҳамда нарса ва ҳужжатларни олиб қўйиш тинтилаётган шахс билан бир жинсдаги мутахассис ҳамда холислар иштирокида ўтказилиши мумкин.

Суриштирувчи, терговчи ёки прокурор гумон қилинувчининг ушлаб турилган жойи тўғрисида дарҳол оила аъзоларидан бирига, улар бўлмаган тақдирда эса бошқа қариндошларига ёки яқин кишиларига хабар бериши, шунингдек бу ҳақда иш ёхуд ўқиш жойига маълум қилиши шарт.

Ушлаб турилган шахс қандай ҳуқуқларга эга?

ЖПКнинг 224-моддасига биноан ушлаб турилган шахс адвокатга ёки яқин қариндошига телефон қилиш ёки хабар бериш ҳуқуқига эга.

Ушлаб турилган шахс у нимада гумонланаётганини билишга ҳақли. Унга у берган кўрсатувлардан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги билдирилиши шарт.

Ушлаб турилган шахсга ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда у билан холи учрашиш ҳуқуқи кафолатланган, бундан ташқари, у, шунингдек, ўзининг ҳимояланиш ҳуқуқини шахсан ўзи амалга ошириши мумкин. Шунингдек, кўрсатув беришдан бош тортиш ҳам мумкин.

ЖПКнинг 49-моддасига биноан, ҳимоячининг ишда иштирок этишига жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлигига бўлган ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан бошлаб рухсат этилади.

Агар ушланган шахс иш юритилаётган тилни билмаса ёки етарли даражада билмаса, у ҳолда унинг ҳуқуқлари биринчи сўроқдан олдин таржимон иштирокида тушунтирилиши керак.

ЖПКнинг 48-моддасига биноан, жиноят содир этишда гумон қилинган шахс ушланганидан кейин йигирма тўрт соатдан кечиктирмай сўроқ қилинишини талаб қилиш ҳаққи бор.

ИИО ходимлари шахсни ушлаш жараёнида жисмоний куч ишлата оладими?

«Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонуннинг 21 ва 22-моддаларига биноан ИИО ходими агар куч ишлатилмайдиган усуллар ички ишлар органи ходимининг зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминламаса, шахсан ўзи ёки бўлинма (гуруҳ) таркибида жисмоний куч ишлатиш, шу жумладан курашнинг жанг усулларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади.

Жисмоний куч қуйидаги ҳолларда қўлланилиши мумкин:

  • жиноятларга ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш учун;
  • жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни энг яқиндаги ички ишлар органига ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб бориш ва бу шахсларни ушлаб туриш учун;
  • ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун.

Шу билан бирга, ИИО ходими гумонланувчини жисмоний куч ишлатилиш нияти тўғрисида аниқ ифодаланган ҳолда огоҳлантириши керак. Ушбу огоҳлантиришнинг имкони бўлмаган ёхуд уларнинг қўлланилишини кечиктириш фуқароларнинг ва ички ишлар органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирадиган ҳамда бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Ички ишлар органи ходими ҳар қандай зарарни минималлаштиришга ҳаракат қилиши шарт.

Шахсни ушлаш жараёнида қандай махсус воситалардан фойдаланиш мумкин?

«Ички ишлар тўғрисида"ги қонуннинг 23-моддасига биноан, ички ишлар ходими бир қатор ҳолларда, шу жумладан яширинишга уринаётган ёки қуролли қаршилик кўрсатиши мумкин бўлган шахсни ушлашда махсус воситалардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Гумон қилинувчини ушлаш жараёнида ИИО ходимлари қуйидаги махсус воситалардан фойдаланиш ҳуқуқига эга:

  • резина таёқлар — шу билан бирга қонун инсонга резина таёқлар билан бошдан, бўйиндан, ўмров соҳасидан, қориндан, жинсий аъзолардан, юрак соҳасидан зарб беришни тақиқлайди.
  • кўздан ёш оқизувчи моддалар, газли, шикастлантирувчи қурол;
  • қўлкишанлар ёки бошқа боғлаш воситалари;
  • электрошок қурилмалари;
  • хизмат ҳайвонлари;
  • тинчлантириш кўйлаги ;
  • тўсиқ-ғовларни бартараф этувчи воситалар.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан махсус воситаларни қўллаш мумкин. Бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд ички ишлар органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

Бундан ташқари, куч ишлатмасдан, жамоат тартибини, транспорт, алоқа воситалари ва ташкилотларнинг ишини бузмасдан ўтказилаётган ғайриқонуний йиғилишлар, митинглар, намойишлар, оммавий чиқишлар ва пикет қўйишларни бартараф этиш чоғида махсус воситаларнинг, шу жумладан газли ҳамда шикастлантирувчи қуролнинг қўлланилиши тақиқланади.

Махсус воситаларнинг қўлланилиши учинчи шахсларнинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирмаслиги ва мол-мулкига зарар етказмаслиги керак.

Қайси ҳолатларда ўқотар қуролдан фойдаланиш мумкин?

Ички ишлар тўғрисидаги қонуннинг 24-моддасида ИИО ходими фақат қуйидаги ҳолларда ўқотар қуролдан фойдаланиш ҳуқуқига эга дейилган:

  • ўта оғир жиноятни содир этиш чоғида кўриб қолинган ва яширинишга уринаётган шахсни ушлашда, агар бошқа воситалар билан бу шахсни ушлаш имкони бўлмаса;
  • қуролли қаршилик кўрсатаётган шахсни, шунингдек ёнидаги қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни, портлатиш қурилмаларини, заҳарли ёки радиоактив моддаларни топшириш тўғрисидаги қонуний талабни бажаришни рад этаётган шахсни ушлашда;
  • жиноят содир этишда гумон қилиниб ушлаб турилган шахсларнинг, ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг қамоқдан қочиб кетишига чек қўйишда, шунингдек ушбу шахсларни куч ишлатиб озод қилишга бўлган уринишларга чек қўйишда.

Ички ишлар органининг ходими ўқотар қуролни қўллашдан олдин огоҳлантириши шарт, бундан унинг ҳаётига ёки фуқароларнинг ҳаётига бевосита хавф таҳдид солаётган ҳоллар мустасно.

Қонунда аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан, махсус воситаларнинг, шу жумладан газли ҳамда шикастлантирувчи қуролнинг қўлланилиши тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд ички ишлар органи ходимининг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

Ўқотар қурол қўлланилиши натижасида тасодифий шахслар жабрланиши мумкин бўлса, ички ишлар органи ходими кўп фуқаролар тўпланганда уни қўллаш ҳуқуқига эга эмас.

Ушбу қонуннинг 21-моддасига кўра, жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилганлиги натижасида тан жароҳати олган фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатилиши, шунингдек имкон қадар қисқа вақт ичида тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилиши, уларнинг қариндошлари эса йигирма тўрт соат ичида бу ҳақда хабардор қилиниши керак.

Психологик (руҳий) босим ўтказилиши мумкинми?

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 5-моддасида ҳеч ким қийноққа солинмаслиги ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган муомала ёки жазога дучор қилинмаслиги керак деб айтилган. 1995 йилда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган Қийноқларга қарши конвенциянинг 1-моддасига биноан, одамга маълумот олиш ёки жазо қўллаш учун ахлоқий ёки жисмоний азоб бериш қийноққа солиш деб ҳисобланиши мумкин.

Бундан ташқари, Ўзбекистон президентининг 2017 йил 30 ноябрдаги фармонига биноан, жиноят ишини кўриб чиқаётганда, қийноқ, психологик ва жисмоний босим ва бошқа жиноят процесси иштирокчиларига ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муносабатларни қўллаш орқали олинган маълумотлар далил сифатида қабул қилинмайди.

Шахсни ушлаш жараёнини видеоёзув билан қайд этиш

2020 йил май ойида қабул қилинган Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунга биноан ушлаб туриш пайтида баъзи процессуал ҳаракатлар видеокамерага ёзилиши шарт.

ЖПКнинг 224-моддасига биноан, бунга қуйидагилар киради:

  • ушлаб турилган шахснинг ҳуқуқлари тушунтирилиши;
  • унинг жиноятда гумон қилиниб ушланганлигини айтилиши;
  • ушлашни амалга ошираётган ходим ўзини таништириши ва ушланган шахс талабига кўра ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши;
  • ички ишлар органи ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга бирга боришни талаб қилиш;
  • шахсий тинтув ёки олиб қўйишни амалга ошириш.

Агар ушбу процессуал ҳаракатларни бажаришни кечиктириб бўлмайдиган бўлса, уларни видеоёзув орқали қайд этмасдан амалга оширишга йўл қўйилади. Мазкур қоида ички ишлар органи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа орган биносида амалга ошириладиган ушлаб туришга нисбатан татбиқ этилмайди.

Шахсни ушлаш видеоёзув орқали қайд этилмаган бўлса, ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб келинганидан сўнг видеоёзувдан фойдаланган ҳолда унинг процессуал ҳуқуқларини тушунтириш шарт. Ушлаб турилган шахсга видеоёзув уни намойиш қилиш орқали таништирилади.

Шахсни яланғочлаш билан боғлиқ шахсий тинтувни видеоёзув орқали қайд этиш тақиқланади.

Ушлаб туриш баённомасини тузиш

Ушланган шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилганидан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг навбатчиси ёки бошқа ходими ЖПКнинг 225-моддасида келтирилган барча маълумотларни кўрсатган ҳолда ушлаб туриш баённомасини бошлиқнинг кўрсатмасига биноан дарҳол тузиши керак:

  • унинг тузилган жой ва вақти;
  • ким, ким томонидан, қачон, қандай ҳолатларда, қонунда кўрсатилган қандай асосларга кўра ушланганлиги;
  • ушланган шахс қандай жиноятни содир этганликда гумон қилинаётганлиги;
  • ушланган шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга қайси вақтда олиб келинганлиги;
  • шахсий тинтув қилиш ва олиб қўйиш натижалари (улар ўтказилган бўлса);
  • ушлашнинг видеоёзув орқали қайд этилганлиги (у ўтказилган бўлса), ушланган шахснинг видеоёзув материаллари билан танишганлиги, шунингдек шахсни ушлаш вақтида фойдаланилган воситаларнинг техник хусусиятлари.

Баённомани ушлаб туришнинг асослилигини текшириш вазифаси топширилган ички ишлар органи ходими ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа орган ходими, ушлаб келтирган ваколатли шахс ёки фуқаро, ушланган шахс ва холислар имзо чекиб, тасдиқлайди.

Агар ушлаб турилган шахс баённома ёки келтирилган гумон билан рози бўлмаса, у «Танишдим, лекин рози эмасман» деб баённомани имзолашга ҳақли.

Ушлаб турилганларни сақлаш жойлари

Жиноятни содир этишда гумон қилинаётган ушланган шахс ички ишлар органи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилганидан сўнг у озодликдан маҳрум этиш жойи ҳисобланмаган хизмат биноларида сақланиши шарт ёки вақтинча сақлаш ҳибсхонаси камерасига жойлаштирилади.

Ушлаб турилганларни айрим жойларда истисно тарзида махсус мослаштирилган биноларда, денгиз ва дарё кемаларида эса махсус ажратилган каюталарда сақлашга йўл қўйилади.

Жиноят содир этишда гумон қилинаётган ушланган шахс ким билан учрашиши мумкин?

ЖПКнинг 230-моддасига биноан, ушлаб турилган шахсга ҳимоячи билан биринчи холи учрашувга биринчи сўроққача рухсат берилади.

Қариндошлари ва бошқа шахслар билан учрашувга ушлаб турилган шахслар сақланадиган жойнинг маъмурияти ушлаб туриш тўғрисидаги материаллар қайси терговчи ёки суриштирувчининг иш юритувида бўлса, фақат ўша терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсати асосида ижозат беради, ҳимоячи билан учрашув бундан мустасно.

Жиноятни содир этишда гумон қилиниб, ушлаб турилган шахс қайси ҳолатларда озод қилиниши керак?

Жиноят-процессуал кодекснинг 234-моддасига биноан ушлаб турилган шахс қуйидаги ҳолатларда озод қилиниши керак:

  • жиноят содир этганлиги ҳақидаги гумон тасдиқланмаса;
  • ушлаб турилганга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш зарурати бўлмаса ёки уни қўллаш суд томонидан рад этилса;
  • ушлаб туришнинг белгиланган муддати тугаган бўлса ва ушлаб турилганга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилмаган ёхуд ушлаб туриш муддати узайтирилмаган бўлса.

Ушлаб турилган шахсни озод қилиш суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарорига ёхуд суднинг ажримига биноан ушлаб турилганлар сақланадиган жойнинг бошлиғи томонидан амалга оширилади.

Прокурорнинг, терговчининг ёки суриштирувчининг ушлаб турилган шахсни озод қилиш ҳақидаги қарори ёхуд суднинг уни ушлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги ёки унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги ажрими қонунда белгиланган ушлаб туриш муддати ичида ушлаб турилганлар сақланадиган жойга келиб тушмаса, ушлаб турилганлар сақланадиган жойнинг бошлиғи бу шахсни озод қилади ва унинг озод қилинганлиги тўғрисида прокурорга, терговчига ёки суриштирувчига билдириш хати юборади.

Зарур ҳолларда ушлаб турилганлар сақланадиган жойнинг маъмурияти озод қилинган шахсларнинг яшаш жойига текин жўнаб кетишини таъминлайди; уларнинг илтимосига кўра, ушлаб турилганлар сақланадиган жойда бўлган вақти ҳақида маълумотнома беради.

Агар шахс ноқонуний ушлаб турилган бўлса, унда унга етказилган зарар, ЖПКнинг 235-моддасига мувофиқ тўлиқ қопланиши шарт.