Ўзбекистон Жиноят кодексининг янги таҳририга давлат хизматчисининг ноқонуний бойиши тўғрисида модда киритилади. Кодекснинг янги таҳрири тўғрисидаги қонун лойиҳаси Бош прокуратура томонидан бошқа идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган ва муҳокама учун эълон қилинган.

Ушбу моддага биноан, давлат хизматчисининг даромад ва мол-мулк декларациясида назарда тутилганидан ортиқ пул маблағлари ёки мол-мулкка ноқонуний эга бўлиши ёки шундай мулкни орттириши анча миқдорда содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 200 бараваригача жарима ёки 3 йилгача иш ҳақидан ушлаб қолиш билан жазоланади.

Қонун лойиҳасига берилган иловада айтилишича, Коррупцияга қарши конвенцияда коррупциявий жиноятлар қаторида ноқонуний бойлик орттириш (20 модда) жиноят сифатида белгиланган. Литва, Ҳиндистон, Хитой, Аргентина, Гонконг ва бошқа Европа давлатларида ҳам бу учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Жиноят кодексининг янги таҳририга «коррупциявий жиноят» тушунчаси киритилмоқда ва ушбу соҳадаги жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Жумладан, коррупциявий жиноятлар учун жавобгарликка тортиш муддатини 1,5 бараварга кўпайтириш ва моддий манфаатдорликдан ташқари, номоддий фойдани ҳам пора деб таснифлаш каби нормаларни киритиш таклиф этилган.

Жиноят кодексига ноқонуний бойиш бўйича моддани киритиш тўғрисида ўтган йилнинг ноябрь ойида Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши йиғилишида айтилган эди.